Муносабат
1992 йил 20 март санаси Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги самарали ва ўзаро манфаатли алоқалар ривожида муҳим ҳисобланади. Боиси шу куни Россия Ўзбекистонни мустақил давлат сифатида тан олган. Ўтган 32 йиллик вақт давомида дипломатик муносабатлар янада кенгайиб янги босқичга кўтарилиб борди.
Хусусан, 2004 йил 16 июнда Стратегик ҳамкорлик, 2005 йил 14 ноябрда Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномалар тузилди. 2012 йил 4 июнда эса Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида Стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация қабул қилинган.
Кейинги йилларда амалга оширилган олий даражадаги 20 га яқин ўзаро ташрифлар эса деярли барча жабҳаларда самарали давлатлараро мулоқотни сезиларли даражада фаоллаштириш имконини берганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Ҳозирда Ўзбекистон ва Россия ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги ҳамкорликнинг долзарб ва муҳим жиҳатлари юзасидан Ҳукуматлараро, Парламентлараро мунтазам маслаҳатлашувлар ўтказиб келинмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Россия БМТ, МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа глобал ҳамда минтақавий тузилмалар доирасида яқиндан ҳамкорлик қилади ҳамда бир-бирининг ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлайди.
Икки мамлакат ўртасидаги фаол ҳамкорликнинг яна бир муҳим бўғини бу савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларининг жадал ривожланганлигидир. Ўзбекистоннинг Россия билан савдоси икки ва кўп томонлама келишувларга мувофиқ эркин савдо режимида амалга ошириб келинмоқда. Охирги 7 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2,5 баробарга ортди. Хусусан, 2017 йилда 4,73 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2023 йил якунига келиб ўзаро товар айрбошлаш ҳажми салкам 10 миллиард доларга етди. Жорий йилнинг январь-апрель ойларида ушбу кўрсаткич 3,8 миллиард долларга етиб, 30 фоиздан ортиқ ўсишга эришилди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокидаги 3000 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги йилларда тоғ-кон, металлургия, ёқилғи-энергетика, кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, тўқимачилик ва бошқа соҳаларда 100 дан ортиқ йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилди.
Бу каби ижобий кўрсаткичларга эришишда икки давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган ишончли ва дўстона руҳдаги алоқаларнинг ўрни муҳим, албатта.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга қилган навбатдаги ташрифи ва ташриф доирасида эришилган натижалар эса икки мамлакат ишбилармон доиралари ва етакчи иқтисодий тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, маданий, гуманитар соҳалардадаги ҳамкорлик алоқаларининг янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этади.
Хусусан, давлат етакчилари ўртасида бўлиб ўтган тор доирадаги учрашувда Ўзбекистон – Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга туширишга келишилди.
Расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда ўтказилган музокаралар давомида эса сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш, бунинг учун парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, жамоатчилик, экспертлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқаларни изчил давом эттиришга келишиб олинди. Хусусан, самарали мулоқотлар якунида Президент Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Қўшма баёнот имзоладилар.
Шу билан бирга, давлат раҳбарлари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳамкорлигининг устувор йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси, 2024-2026 йилларга мўлжалланган маданият соҳасида ҳамкорлик дастури, Олий таълим, Қишлоқ хўжалиги, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама келишувларга эришилди.
Умуман олганда, юқори натижадорликка эга бўлган учрашувлар якунидан ҳам билиш мумкинки, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга навбатдаги давлат ташрифи ҳам икки томонлама дўстлик, кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши, давлатлараро ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очишига ҳисса қўшганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Музафара АБДИЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА