“Neuralink” компанияси яратган мия импланти ўрнатилган ер юзидаги биринчи инсон Нолан Арбо “Business Insider” нашрига берган интервьюсида деярли ҳар куни ушбу қурилмадан фойдаланишини таъкидлади.

– Баъзан куним эрталаб соат 7 да бошланади ва имплантдан 23:00 гача фойдаланаман, – дейди Арбо. – Кун жуда узоқ туюлишини биламан, бироқ бу менга ёқади, ишлаётганимни ҳис қилмайман.

У имплант ёрдамида ижтимоий тармоқ орқали одамлар билан суҳбатлашиши, кулгили ҳикояларни ўқиши, япон тилини ўрганишини ҳам қўшимча қилди.

Январь ойида америкалик тадбиркор Илон Маск “Neuralink” компанияси импланти қўйилган илк инсон ҳақида гапириб, у ўзини яхши ҳис қилаётганини айтган, қурилма ишга туширилгандан кейинги дастлабки маълумотлар яхши натижалар ваъда қилаётганини таъкидлаганди. Кейинроқ миллиардер мазкур кашфиёт объекти “Telepathy” – Телепатия, дея номланишини ҳам маълум қилди.

“Митти тугмача” соҳибига смартфон ёки компьютерни фикр ёрдамида бошқариш имконини беради. Бундай мослама биринчи навбатда оёқ-қўлини ишлатиш қобилиятини йўқотган одамлар учун мўлжалланган. Март ойида миясига имплант ўрнатган дастлабки одам “фикр ёрдамида” шахмат ўйнай олишини намойиш қилди. Маск “Neuralink” компанияси “Blindsight” лойиҳаси асосида кўзи ожизлар учун ҳам мия импланти яратаётганини билдирди.