Куни кеча пойтахтимизда Россия делегацияси вакиллари, жумладан, ўттизга яқин ҳудуд раҳбарлари ва уч юз нафар етакчи саноат корхоналари, бизнес вакиллари жам бўлган катта тадбир якунланди. Бу – Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси.

Мажлис Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтгани унинг аҳамияти нечоғлик муҳим эканлигини кўрсатди.

Ушбу платформа олти йил аввал икки давлат раҳбарлари томонидан ишга туширилганини қайд этиш лозим. Кейинчалик қўшма Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми шаклида фаолият юритган.

Ҳудудлараро ҳамкорликнинг жадаллиги, ўзаро инвестицияларнинг юқори кўрсаткичи ва биргаликдаги лойиҳалар салмоғи кўплиги қувонарли. Шуни ҳисобга олиб, форум мақомини ошириш ва уни Президентлар раислигидаги Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашига айлантиришга қарор қилинди.

Мавзу юзасидан тадбир иштирокчилари, ҳудуд раҳбарлари фикрлари билан қизиқдик.

Игорь КОБЗЕВ, Иркутск вилояти губернатори

– Бугун ҳудуд раҳбарлари бир-биримизни чуқур ўргандик. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишимиз мумкин бўлган соҳалар жуда кўплигига яна бир бор аминмиз. Биз ўртадаги бизнесини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратамиз. Ёғоч ишлаб чиқариш корхоналаримиз юртингиз, хусусан, Андижон вилояти бозорига кириб келишга тайёр. Кейинги йўналишимиз туризм соҳасидир. Бугунги кунда тўғридан-тўғри парвоз қиладиган авиарейсларга эгамиз.

Иркутск нефть компанияси маҳсулотни ишлаб чиқариш комплексида хизмат кўрсатиш учун Ўзбекистондан пудратчилар ва мутахассисларни ишга таклиф қилиш масалаларини кўрмоқда. Бугун дунё жадал суръатлар билан ўзгариб бормоқда ва биз ҳам бу ўзгаришларга мослашишимиз керак. Шунингдек, тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликка ҳам эътибор қаратишимиз лозим. Енгил саноат бўйича кластер яратганмиз. Бу соҳада ҳам мутахассисларимиз ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишлари мумкин. Иркутск вилояти Россия Федерациясининг экспорт салоҳиятига эга ҳудудлари ўнталигига киради. Уч йилда экспорт юкини қарийб эллик фоизга оширганмиз. Шунингдек, таълим соҳаси ҳам истиқболли йўналишлардан саналади. Иркутск вилоятида 23 та олий таълим муассасаси, 80 дан ортиқ касб-ҳунар билим юртлари фаолият юритади. Ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлашдан мамнунмиз.

Шуҳратбек АБДУРАҲМОНОВ, Андижон вилояти ҳокими

– Хабарингиз бор ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари ташриф билан Россияда бўлди. Энда улар Тошкентда. Амалий ҳамкорликнинг кенгайиши икки томонга ҳам манфаатли. Айтайлик, Москвалик инвесторлар вилоятимизда саноат зона қуриб, ўзларининг тадбиркорларини жалб қилиши режада бор. Бу лойиҳа ҳудудимиз иқтисодиёти, аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Биз асосан Иркутск вилояти билан мулоқот қилдик. Лойиҳалар бўйича келишувларимиз ҳали давом этади. Савдо, таълим, тиббиёт йўналишларида қатор ташаббуслар илгари сурилди. Кейинчалик келишув натижалари бўйича аниқ рақамлар маълум бўлади. Барча даражадаги, хусусан, икки давлат ҳудудлари ўртасидаги алоқалар фаоллашганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бундай мулоқотни янада ривожлантириш, уни янги амалий мазмун билан бойитиш бугунги кунда муҳим. Икки томонлама учрашувларда бу яққол сезилиб турди.

Азат ГАЗИЗОВ, “Опоры России” компаниясининг биринчи вице президенти.

– Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг мажлиси мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга. Жараёнда бизнес ҳамжамиятларнинг мулоқоти ҳам олиб борилди. Яъни турли бизнес майдончалар ташкил этилдики, улардаги келишувлар ижроси икки мамлакат иқтисодиётининг ўсишига ёрдам беришига ишонамиз.

Бугунги майдончамизда бир неча юзлаб тадбиркорлар йиғилган бўлиб, бу кичик ва ўрта бизнесни интеграция қилиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эгалигини кўрсатмоқда. Чунки мамлакатларимизда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматларни экспорт қилиш учун талаб катта. Фақат ўзаро ҳамкорлик орқалигина буни ривожлантириш мумкин. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш, IT-соҳасини ривожлантириш ва табиийки, ип-газлама билан боғлиқ соҳалар шулар жумласидандир.

Бугунги тадбирда кўплаб иштирокчилар ҳамкорлар топди. Бу алоқалар узоқ давом этишига ишонаман. Хусусан, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, ип-газлама етказиб бериш ва туризм соҳаларида аниқ лойиҳалар ишлаб чиқилди. Мен кўп йиллар олдин юртингизда бўлганман. Тошкентга келиб бу шаҳарни таний олмай қолдим. Ҳаммаси яхши томонга ўзгариб кетган. Инвестицион муҳитни ўргандим, бу борадаги ўзгаришлар эса ҳаммасидан қувонарли. Сармоядорлар, муҳим ташаббус эгаларига барча имкониятлар берилган.

Нормат ТУРСУНОВ, Навоий вилояти ҳокими

– Икки мамлакат етакчилари, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар барча соҳалар ривожида ўз ифодасини кўрсатмоқда. Айниқса, ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқди. Йиғилишда бугунги кунда ҳудудлар даражасида 4 миллиард долларлик 200 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди.

Кенгаш мажлиси доирасида ҳам катта қийматдаги янги шартномалар тўплами тайёрлангани қайд этилди. Бу рақамлар икки томон учун ҳам манфаатли. Навоий вилояти ҳам Россиянинг қатор ҳудудлари билан ҳамкорлик қилиб келади. Ўртада амалга оширилаётган йирик лойиҳаларимиз бор. Лекин бу борада ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Биз ҳам кенгашининг йиғилиши доирасида қатор учрашувлар ўтказдик. Хусусан, Челябинск вилояти губернатори Алексей Текслер билан учрашдик. Ҳудудларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўйича келишувни имзоладик. Хусусан, вилоятда 251 миллион долларлик Навоий саноатни ривожлантириш комплекси махсус саноат парки ва “Орикс” компанияси томонидан 140 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш лойиҳалари шулар жумласига киради.

Эслатиб ўтамиз, кенгаш мажлиси доирасида беш миллиард долларлик янги шартномалар тўплами тайёрланган. Олий даражадаги музокаралар давомида товар айирбошлаш ҳажмини яқин йилларда 30 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинди.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири