БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан Европа Иттифоқи кўмагида «Хавфли кимёвий моддаларни оқилона бошқариш учун техник ёрдам» лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 6 мартдаги “Кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини синовдан ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарорига ўзгартиришлар киритиш масалаларига бағишланган халқаро онлайн давра суҳбати ташкил этилди.
Мазкур лойиҳа бўйича Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг сўровига биноан FAO юридик гуруҳи томонидан пестицидларни бошқариш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, жумладан, юқорида қайд этилган қарорни янгилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Мулоқотда асосий эътибор пестицидларга оид атамалар таърифини жаҳон стандартларига мувофиқ қайта кўриб чиқиш, ўта хавфли кимёвий воситаларни босқичма-босқич амалдан чиқариш, давлатимизга турли йўллар билан кириб келаётган пестицидларни назоратга олиш каби мавзуларга қаратилди. Пестицидларни ишлатиш бўйича назорат тўғрисидаги ҳужжат лойиҳасини халқаро экспертлар тавсияларига асосан ишлаб чиқиш ҳам муҳокамалар марказида бўлди.
Умуман олганда, қўшма лойиҳанинг умумий мақсади халқаро конвенцияларга риоя қилган ҳолда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, восита ва мувофиқлаштириш механизмларини сайқаллаш, маҳаллий салоҳиятни ошириш, институтларни мустаҳкамлаш ва бу орқали республиканинг атроф-муҳит ва иқлим бўйича мажбуриятларини бажаришга йўл очишдан иборат.
– Давра суҳбати мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш йўлида муҳим қадамдир, – деди лойиҳа миллий координатори Элмурод Назаров. – Пировард мақсадимиз пестицидларни ишлаб чиқаришдан тортиб, фойдаланишгача бўлган барча босқичларида атроф-муҳит ва инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтиришдир.
Шунингдек, миллий сиёсатнинг устувор йўналишларини амалга ошириш ва яшил ўсиш стратегиясига мувофиқ, ресурслардан самарали фойдаланишга эътибор қаратган ҳолда мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА