Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Корея Эксимбанкининг Иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш жамғармаси Операцион гуруҳи ижрочи директори Ум Сунг-Ёнг билан учрашди.
Унда икки мамлакат ўртасидаги рақамли технологиялар, стартаплар ва ICT инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди.
Учрашув аввалида вазир Корея Эксимбанки Ўзбекистоннинг ICT инфратузилмасини ривожлантириш ва рақамли иқтисодиётни юксалтиришда кўрсатаётган доимий ёрдамига алоҳида эътибор қаратди.
—Корея бизнинг муҳим ҳамкоримиз бўлиб, рақамли технологиялар соҳасидаги тажрибаси ва қўллаб-қувватлаши биз учун катта аҳамиятга эга. Мақсадимиз Ўзбекистонда рақамли хизматларни яхшилаш, ёшларга муносиб иш ўринлари яратиш ва халқаро миқёсда рақобатбардош давлатга айланиш, – деди вазир Ш.Шерматов.
Ум Сунг-Ёнг ўз навбатида, Кореянинг рақамли соҳада яратган муваффақиятли тизимлари ва лойиҳаларини Ўзбекистонга жорий этиш имкониятлари борасида келажакдаги режалари ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, лойиҳалар Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли иқтисодиётда юқори даромадли иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этишини қўшимча қилди. Шу билан бирга, Корея билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг рақамли давлат хизматларини модернизация қилиш таклифи берилди.
Учрашув давомида икки томон юртимизда рақамли иқтисодиёт ва ICT инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича масалаларни муҳокама қилди. Бу лойиҳалар, айниқса, IT таълим, стартап экотизимини такомиллаштиришга қаратилган.
Н.Раҳмонова,
ЎзА