Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан “Қурилиш ресурслари миллий классификатори” электрон платформаси ишга туширилган эди. Сўнгги пайтларда ушбу платформа фаолиятига оид айрим эътирозлар бўлди. Шу сабабли Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда тадбиркорлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил қилди.
Хўш, ушбу платформа қандай мақсадларни кўзда тутади?
Қурилиш ресурслари миллий классификатори лойиҳа-смета ҳужжатларида нархнинг сунъий равишда кўтарилишининг олдини олади. Шунингдек, қурилишда хуфиёна иқтисодиётга шарт-шароитлар яратилиши ва объектларда сифатсиз материаллар ва ишлардан фойдаланишга барҳам беради. Қурилиш ресурсларининг батафсил таснифланиши ва шу орқали аниқ ном ва код билан номланиши эса етказиб берувчилар орасида соғлом рақобат ва шаффофликни таъминлайди. Харидор ва сотувчи ўртасида тушунмовчиликларнинг олдини олади. Лойиҳалаш ва қурилиш жараёнини рақамлаштириш, қурилишга BIM технологияларини жорий этиш, рақамли бошқарув тизимларидан фойдаланишда ресурсларни батафсил таснифлаш мажбурий талаб ҳисобланади.
Қурилиш материалларига ишлатилган хомашё, унинг ўлчамлари, механик хоссаларидан келиб чиқиб нархларни шакллантиришда ягона ёндашувни таъминлайди.
Мазкур платформа турли ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг маҳсулотларини бир жойда жамлаб, базада бирлаштиради. Кенг аудиторияни очиқ ахборот билан таъминлайди. Бу эса ишлаб чиқарувчи ва сотувчиларга потенциал мижозларни жалб қилиш ва бозорда янада самарали рақобатлашиш имконини яратади.
Қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларининг дислокацияси орқали қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ҳамда хизмат кўрсатувчиларни республика, вилоятлар ва ҳудудлар кесимида таҳлил қилиш, ҳудудларнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш салоҳияти, қуввати ва қурилиш материаллари нархини таҳлил қилиш, шунингдек инвесторлар томонидан жойларда янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш бўйича қарор қабул қилиш имконини беради.
Келгусида платформа янада такомиллаштирилади. Бунинг натижасида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун йирик олди-сотди платформаси ва МДҲ давлатлари ўртасида экспорт-импорт фаолиятини йўлга қўйиш имкони яратилади.
Таъкидлаш ўринлики, халқаро тажриба асосида стандартларга мос бўлган номларда қурилиш ресурслари, уларни гуруҳларга ва бўлимларга таснифлаган ҳолда, ҳар бири учун алоҳида идентификация коди ва номланишини назарда тутувчи нархлар электрон каталоги шакллантирилди.
Ҳозирги кунга қадар мазкур каталогга 1000 га яқин ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи тадбиркорларнинг 35 мингга яқин маҳсулотлари жойлаштирилган. Улар ўзларининг электрон рақамли имзолари орқали платформанинг шахсий кабинетида онлайн режимда маълумотларни қўшиш, таҳрирлаш ва бойитиш имконига эга.
Қурилиш ресурслари миллий классификатори Солиқ қўмитасининг 190 мингдан ортиқ МХИК кодлари билан уйғунлаштирилди. Эндиликда шартнома ва ҳисоб-фактураларни шакллантиришда тадбиркорлар ва харидорлар аввалгидек умумий номдаги эмас, балки аниқ кўрсатилган номдаги товар ва хизматларни кўрсатишлари мумкин. Бу эса ўз навбатида алданиб қолиш ёки тушунмовчилик ҳолатларининг олдини олади.
Жорий қилинган янги тизим билан ишлашда тадбиркорлар ва харидорларда бир қанча саволлар туғилиши табиий. Масалан, маҳсулотларнинг ўлчов бирликларини белгилаш, МХИК кодини танлаш ёки янги материалларга янги кодлар бириктириш каби саволлар пайдо бўлиши мумкин.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти Солиқ қўмитасининг “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази билан ҳамкорликда тадбиркорлар томонидан берилаётган таклифлар ҳамда муаммолар билан тизимли ишлашни йўлга қўйган.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА