Одамларга қувонч ҳадя этган, айримлар учун ниҳоятда қадрли бўлиб қолган почта варақаларида акс этган суратлар муаллифи Владимир Зарубин эканлигини кўпчилик билмаса керак. Ўз даврида у чизган суратлар 1,5 миллиарддан ортиқ нусхада конверт шаклида нашр этилади, аммо рассом деярли қашшоқликда вафот этади.
Владимир 1925 йилда Россиянинг Орлов вилоятидаги кичик бир қишлоқда Зарубинлар оиласида учинчи ўғил бўлиб дунёга келади. Бола жуда иқтидорли бўлиб ўсади ва ота-онаси уни расм чизишга бўлган иштиёқини сезиб, тўгаракка берадилар.
Бир куни отаси унга ўзининг йиғиб юрган расмлар тўпламини кўрсатади. Ўша пайтларда қариндошлардан почта орқали чиройли расм совғаси олиш ҳақиқий қувонч бўлган.
Афсуски, иккинчи жаҳон уруши кезлари тақдир чархпалаги билан Зарубинлар оиласи дунё бўйлаб тарқалиб кетади. Катта ўғиллар фронтга, кичиги эса асирга олиниб, қишлоқдошлари билан бирга Германияга юборилади.
Владимир ғалабадан сўнг уйига қайтади, аммо туғилиб ўсган қишлоғида кўп қолмайди. Кейинчалик у Москвадаги аниматор курсларига ўқишга киришга муваффақ бўлади ва анча йил истеъдодли рассом сиафтида «Союзмультфильм» студиясида ишлайди.
Рассом ижоди давомида «Маугли», «Бир дақиқа кутиб туринг», «Бремен мусиқачилари изидан» каби машҳур суратларини чизади.
В.Зарубин 1962 йилдан бошлаб почта варақалари учун расмлар чизишни бошлайди. Йиллар давомида у чизган суратлар кишилар ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб қолади. Рассомнинг исмини кам одам билар эди, лекин ҳамма унинг кичкина ижод асарларига маҳлиё эди.
Унинг феъл-атвори ўз асарларида кўриниб турарди: самимий, очиқ, жуда меҳрибон. Ҳаётда ҳам В.Зарубин айнан шундай одам эди.
Аммо рассомнинг ҳаёти доим бир текис кетмайди. Мамлакатда иқтисодий таназзул сабаб тирикчилик учун у кичик нашриётлар атрофида югуришга мажбур бўлади. Ҳеч бўлмаганда ўз иши учун пул олишга ҳаракат қилади, аммо доим омадсизликка учрайди. Бироқ Владимир ишлашни тўхтатмайди.
Етмиш ёшга етганда у юрак хуружи туфайли оламдан ўтади. Рассом томонидан чизилган суратлар бугунги кунда ҳам қадрли. Баъзилари ноёб ва жуда қиммат ҳисобланади.
Интернет материаллари асосида Ў.Алимов тайёрлади, ЎзА