Ўзбекистон футбол ассоциациясининг бугун ўтказилган навбатдаги ҳисобот конгресси доирасида 2023 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов иштирок этган тадбирда Аббосбек Файзуллаев “2023 йилнинг энг яхши футболчиси” сифатида тақдирланди.

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги соҳиби, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати иштирокчиси, Ўзбекистон U-20, U-23 ва миллий терма жамоада ишончли ўйин кўрсатиб келаётган Абдуқодир Ҳусанов “Йилнинг энг яхши ёш футболчиси” совринига лойиқ кўрилди.

Мамлакатимизда ўтказилган U-20 Осиё кубогида ғолибликни қўлга киритган терма жамоамиз бош мураббийи Равшан Ҳайдаров “Йилнинг энг яхши мураббийи”, дея эътироф этилди.

Бундан ташқари, “Севинч” футбол жамоаси аъзоси Людмила Карачик “Йилнинг энг яхши аёл футболчиси”, “Севинч” жамоаси мураббийи Владислав Хан “Аёллар футболи бўйича йилнинг энг яхши мураббийи”, Ҳусниддин Нишонов “Йилнинг энг яхши футзалчиси”, “BMB” жамоаси мураббийи Нодир Элибоев “Футзал бўйича йилнинг энг яхши мураббийи” номинациясида ғолиб чиқди.

Тадбир давомида Индонезияда ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дунёнинг энг кучли 8 жамоаси қаторидан жой олган Ўзбекистон U-17 терма жамоаси ҳам тақдирланганлар қаторида қайд этилди.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 2023 йилги фаолияти, амалга оширилган ишлар, 2024 йилги режалар муҳокамаси давомида ЎФА Осиё футбол конфедерацияси томонидан 2023 йилнинг “Энг яхши ассоциацияси”, шунингдек, мамлакатимиз спорт ташкилотлари орасида “Йилнинг энг яхши спорт федерацияси” номига лойиқ кўрилиши ортда қолаётган спорт мавсуми Ўзбекистон футболи учун ҳар қачонгидан ҳам сермаҳсул кечганидан далолат бермоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА