Футбол, теннис, қиличбозлик, шахмат каби спорт турларига миллионлаб спорт ихлосмандлари қизиқиш билдиради. Бугунги спорт хабарларимиз айнан ушбу спорт турларига оид янгиликлардан иборат бўлади.

Қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси етакчилари – яккалик дастурда “Париж-2024” йўлланмаси учун кураш олиб бораётган Зайнаб Дайибекова, Шерзод Мамутов ҳамда Муса Аймуратов Венгрияга йўл олди. Ҳамюртларимиз ушбу давлатда халқаро ўқув-йиғин машғулотида иштирок этади.

Халқаро қиличбозлик федерацияси тақвимига кўра, Будапешт 6-7-январь кунлари ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубоги босқичига мезбонлик қилади. Мазкур мусобақа доирасида М.Аймуратов ўз омадини синаб кўради. Венгрия йиғини якунига етганидан сўнг юртдошларимиз 10 январь куни Тунисда ўтадиган катталар ўртасидаги Гран-при турнирига йўл олади.

*** 

Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон футбол ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот конгресси ўтказилади. Унда ЎФАнинг 2023 йилги фаолияти, амалга оширган ишлари, кейинги йилги режалар ҳамда яна қатор масалалар муҳокама қилинади. Шунингдек, якунланиб бораётган 2023 йилнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.

***  

Саудия Арабистонида легионерлар сони янада ортиши мумкин. Лига кейинги мавсумдан қайдномага 10 нафаргача хорижлик футболчиларни киритиш имкониятини бериш вариантини кўриб чиқмоқда. Бундай қарор клублар ўртасидаги рақобатни кучайтириш ва шу орқали чемпионат савиясини ошириш ҳамда юлдуз футболчиларни янада кўпроқ жалб қилишга қаратилган.

Маълумот учун, бу мавсум клублар қайдномасига 8 нафаргача хорижлик футболчиларни киритиши мумкин. Эътиборлиси, чемпионатнинг 18 жамоасининг барчаси ушбу квотани тўлдирган.

***  

Туркия Суперлигаси 18-туридан ўрин олган «Қосимпошо» – «Ризеспор» учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилди. Ушбу ўйинда «Ризеспор» сафида ҳамюртимиз Ҳусниддин Алиқулов беллашувни асосий таркибда бошлади ва 35-дақиқада жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этди. Ушбу хабарнинг биз учун ноқулайлиги январь ойида бошланадиган Осиё кубогига қадар у жароҳатдан қутилиши бироз қийин. Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов ҳам ўтган ҳафтада жароҳат олгани ва Италияда жарроҳлик амалиётини ўтказган эди. Умид қиламизки, ушбу футболчиларимиз мазкур мусобақада терма жамоамиз сафида бўлишади.

***

Теннис бўйича нуфузли турнирларни ташкилотчиси бўлган “WTA” ва “ATP” янгиланган рейтингни эълон қилди. Ушбу рейтингларда Нигина Абдураимова 217-поғонадан жой олган бўлса, Севил Юлдашева 1075-ўринни эгаллади. Эркаклар орасида биринчи рақамли теннисчимиз Ҳумоюн Султонов эса 367-ўриндан жой олди. Ёш теннисчимиз Сергей Фомин дунёнинг 674 рақамли теннисчиси, дея  эътироф этилди

*** 

Ўзбекистон қўл жанги федерацияси томонидан ўтказилган йиллик ҳисобот йиғилишида федерация раиси, Миллий гвардия қўмондони генерал-майор Рустам Жўраев иштирок этди. Унда 2024 йилда Бухоро шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилиши эълон килинди. Мазкур жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этилиши Ўзбекистон яккакураш олами ёрқин вакили Музаффар  Ражабовга ишониб топширилди.

***

Самарқанд шаҳри шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмоқда.

Кеча йилнинг шахмат оламидаги энг муҳим мусобақаси олдидан турли тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, VI жаҳон чемпионатига бағишлаб матбуот анжумани ўтказилди. Унда Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) ҳамда юртимиз спорти мутасаддилари мусобақага кўрилган тайёргарлик, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Матбуот анжуманида Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Халқаро шахмат федерацияси президенти Аркадий Дворкович, рапид ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳамда рапид бўйича 2021 йилги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

***

Тошкент шаҳрида бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон кубогининг ярим финал баҳслари бугундан бошланади. Баҳслар 12:00 дан Учтепа туманида жойлашган Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мактабида старт олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА