25–30 декабрь кунлари Самарқандда шахматнинг блиц ва рапид йўналишлари бўйича VI жаҳон чемпионати ўтказилмоқда.
Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) томонидан 2017 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган чемпионатнинг бу галги баҳсларида 52 та мамлакатдан 338 нафар, жумладан, юримиздан 33 нафар шахматчи иштирок этмоқда. Қатнашчилар орасида дунё рейтингида юқори ўринларда турган Магнус Карлсен, Ян Александрович, Фабиано Каруана, Нодирбек Абдусатторов, Левон Аронян каби етакчи шахмат юлдузлари, чемпионлар борлиги VI жаҳон чемпионати нуфузи баландлигидан далолат беради.
Умумий соврин жамғармаси 1 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган мазкур жаҳон чемпионати дастурига шахматнинг блиц ва рапид йўналиши киритилган бўлиб, ФИДЕ рейтингида 2550 (эркаклар) ва 2250 (аёллар) рейтингидан паст бўлмаган спортчилар иштирок этиши белгиланган.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов, Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) президенти Аркадий Дворкович, Ўзбекистон шахмат федерацияси раҳбари Алишер Саъдуллаев ҳамда Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, иштирокчиларни табриклади.
Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икромов ФИДЕнинг мазкур нуфузли чемпионати мамлакатимизда ўтказилаётгани юртимизда кейинги йилларда спортни, жумладан, шахматни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси эканлигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги туфайли бугунги кунда мамлакатимизда шахмат тури оммалашиб бормоқда. Бунинг натижасида спортчиларимиз Осиё ва жаҳон биринчиликларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
– Марказий Осиё минтақасида бугунги кунда шахматнинг ривожланиб боришида Ўзбекистоннинг катта роли бор, – деди ФИДE президенти Аркадий Дворкович. – Бу заминда шахмат бир неча асрлик тарихга эга. Биз Ўзбекистоннинг бой шахмат анъаналарини ҳурмат қиламиз ва унинг яқин орада шахмат бўйича энг кучли давлатлардан бирига айланишига ишонамиз.
Очилиш маросими давомида бадиий дастур намойиш этилди ҳамда мусобақаларга қуръа ташланди.
VI жаҳон чемпионатининг рапид йўналиши 26-28 декабрь кунлари 13 турда, блиц йўналиши эса 28-30 декабрь кунлари 21 турда бўлиб ўтади.
– Шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича ўтган йил Қозоғистонда ўтказилган V жаҳон чемпионатида илк бор қатнашгандим, – дейди шу йилнинг ноябрь ойида шахмат бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида чемпион бўлган Афрўза Ҳамдамова. – Бу мусобақа мен учун тажриба тўплаш учун имконият бўлганди. Юртимизда ўтказилаётган чемпионатга пухта тайёргарлик кўрдим. Албатта, рақиблар номдор ва жуда кучли. Шунга қарамай мусобақаларда яхши иштирок этиб, кучли ўнликка киришни мақсад қилганман.
VI жаҳон чемпионати олдидан ўтказилган матбуот анжуманида халқаро шахмат федерацияси ва юртимиз спорти мутасаддилари чемпионатга кўрилган тайёргарлик, мамлакатимизда шахматни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, матбуот анжуманида рапид ва блиц бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен ҳамда рапид бўйича 2021 йилдаги жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этиб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (видео), Алмурод Мамадаминов (сурат), ЎзА мухбирлари.