Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан қўмиталар мажлислари бўлиб ўтмоқда. Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг йиғилишида “2024 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокама этилди.

Мажлисда келгуси йилда Давлат бюджети даромадлари 270,4 триллион сўмни, харажатлари эса давлат мақсадли жамғармаларига трансфертларни инобатга олган ҳолда 312,9 триллион сўмни ташкил этиши қайд этилди.

Бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинади. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, фан, маданият ҳамда спортни ривожлантириш, муҳтож аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий тадбирлар учун жами Давлат бюджети харажатларининг 50 фоизи ёки 151,5 триллион сўм йўналтирилади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан тадбиркорларнинг судга шикоят қилиш имкониятлари кенгайтирилиши кутилмоқда.

Мажлисда бошқа қонунлар ҳамда Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси” ижроси муҳокама қилинди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш режаси сифатли бажарилишини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредит маблағларидан самарали фойдаланилишига эришиш борасида ҳудудларда ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжудлигига эътибор қаратилди.

***  

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлисида ҳам юқорида қайд этилган қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Аграр соҳага ажратилаётган бюджет маблағлари сарфланиши юзасидан аниқ ҳисоб-китоблар қилингани бўйича масъул вазирлик ва идоралар вакилларининг маърузалари тингланди.

Мажлисда яйловлар деградациясининг озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда атроф муҳитга салбий таъсири юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровини юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

4,2 миллион гектар яйловда геоботаник тадқиқотлар ўтказилиб, деградацияга учраган майдонларнинг хариталари тайёрланган ҳамда 420 минг гектар деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ва яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, ўз ечимини кутаётган бир қатор долзарб масалалар ҳақида ҳам сўз борди.

Бундан ташқари, ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳамда ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Сирдарё вилоятининг Сайхунобод, Гулистон ва Боёвут туманларида айрим ирригация объектларидаги гидротехник иншоотларни автоматлаштириш ишлари бажарилмагани ҳамда “Ақлли сув” қурилмалари тўлиқ ўрнатилмагани таъкидлаб ўтилди.

Н.Абдураимова,  

ЎзА