Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссиясининг мамлакатимизга ташрифи давомида Марказий банк раҳбарияти билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда мамлакатимиздаги сўнгги иқтисодий ўзгаришлар, амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати, жорий макроиқтисодий вазият ва прогнозлар ҳамда техник кўмак каби масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, ўтган давр мобайнида Марказий банк томонидан глобал вазиятдан келиб чиқиб, пул-кредит ҳамда макропруденциал сиёсат борасида амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди.

Кутилаётган макроиқтисодий ривожланиш йўналишларига мувофиқ Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган асосий ва муқобил сценарийларида кўзда тутилаётган прогнозлар ва улар юзасидан қўлланилиши мумкин бўлган чоралар атрофлича муҳокама этилди. Бунда ХВЖ миссияси раҳбари томонидан пул-кредит сиёсати ва молиявий барқарорлик соҳасида Марказий банкнинг татбиқ этаётган чоралари ва олиб бораётган сиёсати қўллаб-қувватланиши таъкидланди.

Учрашув якунида келгуси даврларда ходимлар салоҳиятини ошириш борасида ХВЖ томонидан тақдим этиладиган техник кўмакнинг йўналишлари белгилаб олинди.

Ш. Маматуропова, ЎзА