Хитойнинг етакчи ахборот агентлиги – “Синьхуа” саҳифаларида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимовнинг “Ноёб занжирнинг 31 халқаси” номли мақоласи эълон қилинди. Мақола ўтган 31 йил ичида барқарорлик касб этган Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик муносабат ривожига бағишланган.

Гуанжоу шаҳрида бўлиб ўтган “Бутунжаҳон 5-медиа саммити” кунлари чоп этилган мазкур мақолада икки мамлакат ҳамкорлиги изчил ривожланаётгани, давлат раҳбарларининг ўзаро ташриф ва учрашувлари барча даражадаги алоқаларни мустаҳкамлаб, бу борада янги уфқлар очаётгани қайд этилган.

– Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги алоқалар бир неча минг йилларга бориб тақалади, – дейилади мақолада. – Айни пайт савдо-иқтисодий, сармоявий, таълим, маданий-гуманитар, хавфсизлик, юқори технологиялар, ахборот алмашинуви ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги Ўзбекистон – Хитой муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган.

Муаллиф жорий йил май ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хитой – Марказий Осиё” саммити доирасида Хитойга қилган давлат ташрифи ғоят муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлайди. Тошкент ва Самарқандда 10 мингдан зиёд хитой тили мутахассиси тайёрлайдиган Конфуций институтлари мавжудлигига ҳам эътибор қаратилади.

– Ўзбекистон ва Хитой муносабати юксак даражада ривожланиб боряпти. Бу жараён стратегик шериклик муносабатини янада мустаҳкамлаш кафолатидир. Эришилаётган натижалар давлатларимиз замонавий тарихида янги, ёрқин саҳифалар очмоқда, – дейилади мақолада.

Б.Худойбердиев тайёрлади.

ЎзА