“Қироллик клуби”да фаолият юритаётган мураббийлар Ўзбекистонга олиб келинадими?
2018 йилнинг январь ойида Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол федерацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Испанияга ташриф буюриб, “Реал Мадрид” клуби академияси директори Хулио Ронко билан ўзаро ҳамкорлик бўйича келишувга эришган эди.
Ушбу келишувга асосан, бугун 22 май куни юртимизга “Қироллик клуби” академиясининг менежерлари Андрес Антонио ҳамда Хуан Пабло ташриф буюришди.
photo5197299539768355020.jpg
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида испаниялик мутахассислар МОҚ президенти ва ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов билан учрашди. Учрашувда “Қироллик клуби”нинг Real Madrid Foundation Clinic дастури асосида “Реал Мадрид”да фаолият юритаётган мураббийларни Ўзбекистонга олиб келиш, улар иштирокида футбол мактабларимизда машғулотлар ўтказиш, футболчилар билан ишлаш жараёнлари ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиш масалалари муҳокама қилинди.
Умид Аҳмаджонов Испания футболи бугунги кунда бутун жаҳонда ўз ўрнига эга эканлиги, Ўзбекистонда ҳам Испания футболи андозалари асосида иш олиб бориш йўлга қўйилишини маълум қилди. Шунингдек, “Реал Мадрид” академиясидан ташриф буюрадиган мутахассислар учун ЎФА томонидан барча шарт-шароитлар муҳайё қилиниши, асосий мақсад “Қироллик клуби” академияси иш тажрибасини ўрганиш, у ерда фаолият олиб бораётган мутахассислардан юртимизда футболни ривожлантириш борасида тегишли маслаҳатлар олиш экани таъкидланди.
Ўз ўрнида, Андрес Антонио Ўзбекистонга ташриф буюрганидан жуда хурсанд эканини, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, бу ерда футболнинг ривожига ҳисса қўшишга тайёр эканликларини маълум қилди.

 

Ойбек Юнусов