Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Профессионал таълим муассасаларига йил давомида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади:

профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни йил давомида ташкилотларнинг буюртмалари асосида дуал таълим шаклида ўқитиш

иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган мавжуд эҳтиёжи асосида дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилишни соддалаштириш;

ўқувчиларни дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш тизимини рақамлаштириш.

Қарорга кўра, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларидаги мавжуд иш ўринлари ҳамда уларда яратилган шарт- шароитлар бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади.

Ҳар йили 1 августга қадар профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш бўйича Ягона миллий меҳнат тизимидан руйхатдан ўтган ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Ташкилотлардан бириктирилган устозларнинг педагогик маҳоратини ихтиёрий равишда ошириш учун ҳар йили дуал таълим шакли бўйича бепул қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади.

Дуал таълим шакли жорий этилган касб ва мутахассисликлар бўйича тегишли таълим дастурлари такомиллаштирилади ҳамда Германия тажрибаси асосида методик материаллар ишлаб чиқилади.

2024/2025 ўқув йилига қадар меҳнат бозорининг ўрта бўғин кадрларига бўлган жорий ва истиқболли эҳтиёжни аниқлашга мўлжалланган электрон платформа ишга туширилади ҳамда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш истагида бўлган ташкилотлар ва профессионал таълим муассасалари билан тузиладиган шартномаларни электрон шаклда имзолаш тизими жорий этилади.

ЎзА