Қатар Амирлиги Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдурраҳмон бин Жассим Ол Соний “Доха Форум-2023”да иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовни қабул қилди. Бу ҳақда ушбу мамлакат ахборот агентлиги – “QNA” маълум қилди.

Нашр суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш йўллари кўриб чиқилганини ёзган.

2003 йилдан бери ҳар йили ўтказиб келинаётган “Доха Форум-2023” глобал мулоқот платформаси сиёсат етакчиларини дунё олдида турган муҳим муаммоларни муҳокама қилиш ҳамда инновацион ва ҳаракатга йўналтирилган тармоқларни ривожлантиришга ҳисса қўшиш учун бирлаштирган. “Дипломатия, мулоқот, хилма-хиллик” шиори остида ташкил этилган бу галги тадбир ҳаракатга йўналтирилган тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашиш ва мунозара олиб боришга кўмаклашади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА