Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида кураш бўйича ўтказилган ХIV жаҳон чемпионатида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Ўзбекистон спорт делегацияси Тошкентга қайтиб келди.
Пойтахтимиздаги “Тошкент” темир йўл вокзалида терма жамоа аъзоларини кутиб олиш маросими ташкил этилди.
Маросимда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистон кураш федерацияси ва бошқа тегишли ташкилотларнинг мутасаддилари, кураш мутахассислари, мураббийлар, спортчиларнинг яқинлари, журналистлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Айтиш лозим, 50 дан ортиқ давлатдан 200 нафардан зиёд спортчи иштирок этган жаҳон чемпионатида эркаклар ўртасида 7 та, аёллар ўртасида 8 та медаллар жамланмаси учун кураш кетган бўлса, юртимиз спортчилари 7 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоада 1-ўринни эгаллагани юксак ғалабаларнинг ёрқин ифодаси бўлди.
– Ёшлигимдан кураш билан шуғулланаман, жаҳон чемпионатидаги финал беллашувим энг оғир мусобақаларимдан бири бўлди, – дейди жаҳон чемпиони Улбусин Ҳакимова. – Олтин медаль учун туркманистонлик курашчи билан беллашдим. Туркманистонлик мухлислар рақибимни қўллаб турган вазиятда уни ҳалол баҳоси билан мағлуб этдим ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритдим. Чемпионликка эришишимга, энг аввало, ота-онам, яқинларимнинг қўллаши, устозларимнинг тўғри йўналиш бериши ва албатта, мамлакатимизда биз спортчилар учун яратиб берилаётган имкониятлар сабаб бўлди, деб ўйлайман. Бугун юртимизда спорт билан шуғулланаман, юксак марраларга эришаман, деган ёшлар учун барча имкониятлар муҳайё этилган.
Маросимда таъкидланганидек, маҳоратли спортчиларимиз Покизахон Камолиддинова, Улбусин Ҳакимова, Ҳилола Ортиқова, Жамшид Маматраҳимов, Эркин Қозоқов, Муҳсин Ҳисомиддинов, Чори Зойировнинг олтин медалларга сазовор бўлиши, Филура Эргашева ва Умид Эсоновнинг совриндорлар қаторига қўшилгани халқимизнинг кураш майдонидаги муваффақиятидан далолат.
Эслатиб ўтамиз, ХIV жаҳон чемпионатининг якуний сарҳисобига кўра, умумжамоада Туркманистон терма жамоаси иккинчи, Қозоғистон курашчилари учинчи ўринни эгаллади.
Т.Рўзиев, ЎзА