Келгуси йил Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларини юқори савияда уюштириш, жамоаларга керакли инфратузилмани муҳайё этиш, хавфсизликни таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш мақсадида мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ташкилий-протокол масалаларига бағишланган “Иккинчи дипломатик брифинг” ўтказди.

Тадбирда хорижий мамлакатлар дипломатик корпус вакиллари қатори Ўзбекистон Республикаси ТИВ мутахассислари, ташкилий қўмита раҳбарияти иштирок этди.

Мезбон томон бир неча масала бўйича бирламчи маълумот тақдим этди.

Режага кўра, Олимпия ўйинларининг расмий очилиш маросими 26 июлда бўлиб ўтади. Сена дарёси бўйида ташкил этиладиган тадбирда 600 минг нафарга яқин меҳмон иштироки кутиляпти. Олимпиадада 32 спорт тури бўйича 15 минг нафар спортчи қатнашиши, 300 мингга яқин кўнгилли (волонтёр) жалб этилиши кўзда тутилган.

Мусобақа дунёнинг 3,2 миллиард аҳолисига телевизион каналлар орқали намойиш қилинади, ўйинларни ёритиш учун 20 минг нафар атрофида ОАВ ходимлари рўйхатдан ўтказилади.

Ўйинларни бевосита томоша қиладиган мухлислар учун Франциянинг ўзида 13 миллион кишига чипта сотилиши кутиляпти. Бугунгача 7 миллиондан зиёд чипта эгасини топгани мазкур спорт байрамига қизиқиш ҳозирданоқ жуда юқори эканини кўрсатмоқда.

Олимпиада учун қурилаётган 64 объектнинг 80 фоизи тайёр. Тадбирнинг умумий бюджети 40 миллиард евро. Футбол, баскетбол, сув спорти турлари баҳсларини Марсель ва Лилль шаҳарларида ҳам ўтказиш режаланган. Ташқи ишлар вазирлиги протокол хизмати раҳбари ўринбосари П.Фурия давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан боғлиқ протокол масалалари бўйича фақат ТИВ шуғулланишини эслатди. Яъни, айни масалаларда ташкилий қўмитага ёки Франция Миллий олимпия қўмитасига мурожаат қилишнинг фойдаси йўқ. Ҳар бир хорижий делегация учун ТИВ протокол хизмати махсус вакили бириктирилиши айтиб ўтилди.

Француз томони барча элчихоналарга юқори даражадаги шахслар ташрифини ташкил этиш бўйича алоҳида нота чиқаришини маълум қилди. Париж халқаро аэропортида делегацияларни кутиб олиш учун самолёт ёнига автомашина келиши имкони мавжуд эмаслиги билдирилди.

Шунингдек, давлат ва ҳукумат раҳбарлари учун алоҳида автомобиль ажратилмаслиги, хорижий делегациялар учун транспорт воситаси ижара асосида таъминланиши ва машина сони 2 тадан оширмаслиги тавсия этилди.

Делегацияларга Парижда ҳамроҳлик қилиш учун полиция хизмати сафарбар этилади. Ташкилотчилар фикрича, юқори даражали делегациялар учун транспорт воситаси 2 тадан ошмаслигини инобатга олиб, бири кўп ўриндиқли улов бўлиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Транспорт воситаларини ижарага олиш дипломатик ваколатхона томонидан амалга оширилиши ва имкон қадар қисқа фурсатда расмийлаштирилишига эътибор қаратилади.

Делегация раҳбарлари учун ҳозирдан меҳмонхона банд қилиш муҳимлиги таъкидланди.

ТИВ мартабали меҳмонлар учун мамлакатдаги 5 юлдузли “Napoleon”, “Le Fouqetʼs” ва “Сhateau Fronterac” меҳмонхоналарини тавсия қилмоқда. Меҳмонлар хоҳишидан келиб чиқиб, бошқа меҳмонхоналарни кўриб чиқиши мумкин.

Брифингнинг учинчи ва тўртинчи босқичи мос равишда 2024 йилнинг апрель ва июль ойларига режалаштирилди.

Т.Рўзиев тайёрлади.

ЎзА