Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги учрашувлар катта ҳаяжон билан кузатилмоқда. Ўзбек футбол ихлосмандлари эса куни кеча “ОКМК” ва “Насаф” клубларининг ўйинларига мухлислик қилди.
Осиё чемпионлар лигасининг 5-туридан ўрин олган “Насаф” – “Ал-Файсали” учрашуви 3:1 ҳисобида якунланди. Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда меҳмонлар вакили Резиқ Муҳаммад Банихани ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда “Насаф” ўйин тизгинини қўлга олди ва 47-дақиқада Лима Круз тезкор гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Орадан 3 дақиқа ўтиб, Зафармурод Абдираҳматов ажойиб голи билан “Насаф”ни олдинга олиб чиқди.
68-дақиқада Марко Станоевич жарима зарбасидан унумли фойдаланиб, тўпни дарвозага жойлаб қўйди ва жамоасининг 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишига ҳисса қўшди. Шуни таъкидлаш лозимки, бугун ўзбек футболида камбэк қилиш одат тусига кирди. Буни терма жамоамиз ва футбол клубларимиз қайд этаётган ўйинларда гувоҳ бўлмоқдамиз. Дарвоқе, ўйиннинг 84-дақиқасида “Насаф” жамоаси дарвозасига 11 метрлик жарима тўпи белгиланган эди. Ушбу вазиятда дарвозабонимиз Абдувоҳид Неъматов муваффақиятли ҳаракат қилиб, пенальтини қайтарди.
Шу тариқа “Насаф” 3 очкони қўлга киритди. “B” гуруҳининг иккинчи ўйинида “Шаржа” ўз майдонида “Ас-Садд”га 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Ушбу гуруҳда 5-турдан сўнг “Насаф” 10 очко билан гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олди. “Шаржа” эса 8 очко билан иккинчи, “Ас-Садд” эса 7 очко жамғарган ҳолда учинчи поғонадан жой олди. “Ал-Файсали” ҳисобида 3 очко бор ва бу жамоа жадвалнинг сўнгги ўринида қолмоқда. “Насаф” сўнгги турни 4 декабрь куни “Ас-Садд”га қарши сафарда ўтказади.
Мусобақанинг “C” гуруҳидан жой олган “Ал-Иттиҳод” муддатидан олдин плей-оффга чиқишга муваффақ бўлди. Саудияликлар ушбу турда Олмалиқнинг “ОКМК” жамоаси меҳмони бўлди ва ғалаба қозонди. Шу тариқа “Ал-Иттиҳод” гуруҳда биринчи ўринда, “ОКМК” эса охирги поғонада. “ОКМК” сўнгги ўйинини 4 декабрь куни “Ал-Қува Ал-Жавия”га қарши сафарда ўтказади.
Бугун Осиё чемпионлар лигаси доирасида “А” ва “D” гуруҳидаги ўйинлар мухлисларимиз учун катта қизиқиш уйғотиши аниқ. Сабаби, “А” гуруҳида Ўзбекистон чемпиони “Пахтакор” меҳмонда “Ал-Айн” билан ўйин ўтказади. “D” гуруҳида эса “Навбаҳор” ўз майдонида “Ал-Ҳилол” билан гуруҳ пешқадамлиги учун майдонга тушади.
“А” гуруҳида “Ал-Айн” 12 очко тўплаган ҳолда биринчи ўринда бормоқда ва ушбу жамоа плей-офф босқичи йўлланмасини нақд қилди. “Пахтакор” эса 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаган. “Аҳал” клубида ҳам 4 очко мавжуд ва тўплар нисбатига кўра ушбу жамоа жадвалнинг учинчи поғонасида турибди. “Ал-Фейҳа” эса 3 очко билан сўнгги ўринни банд қилган. Мазкур гуруҳда ҳар уч жамоа навбатдаги босқичга чиқиш учун имкониятни сақлаб қолган. Умид қиламизки, “Пахтакор” бугунги ўйинда ғалаба қозониб, ўз имкониятларини сақлаб қолади.
Энди “D” гуруҳидаги вазият ҳақида. Ҳозирда “Навбаҳор” ва “Ал-Ҳилол”нинг очколари 10 тага етди. Фақатгина тўплар нисбатига кўра “лочинлар” гуруҳда иккинчи ўринда бормоқда. Уларнинг энг яқин таъқибчиси “Нассажи Мозандарон” эса 3 очко билан учинчи поғонадан жой олган. Бу эса плей-офф масаласи ҳал бўлганини билдиради. “Навбаҳор” бугун гуруҳ ғолибини аниқлаш баҳсида “Ал-Ҳилол” билан ўз майдонида рақобатлашади.
Кўпчилик футбол мухлислари Криштиану Роналду ва унинг жамоаси “Ал-Наср” ўтказаётган баҳсларга қизиқиш билдиради. Шу сабабли ушбу клуб ўйинларига тўхталиб ўтишни жоиз билдик. “Ал-Наср” ОЧЛ гуруҳ босқичида 1-ўринни эгаллаб, кейинги босқичга йўл олди. Аниқроғи Саудия Арабистони клуби бир киши кам бўлишига қарамай “Персеполис” билан дуранг (0:0) қайд этди ва “Ал-Наср” 13 очко билан кейинги босқич масаласини ижобий ҳал қилди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, бир қатор юлдуз футболчилари бўлган “Ал-Наср” кетма-кет 20 та учрашувда мағлуб бўлмади. Роналду бошчилигидаги жамоа 20 та ўйиннинг 18 тасида ғалаба, 2 тасида дуранг қайд этди. Клуб сўнгги маротаба 18 август куни “Ал-Тавун”га имкониятни бой бериб қўйган эди. Маълумот учун, “Ал-Наср”ни 1 декабрь куни “Ал-Ҳилол”га қарши миллий чемпионат ўйини кутиб турибди.
Бу йилги футбол мавсуми ҳам ўз якунига етиб бормоқда. Бу эса жаҳон футболидаги тўпурарлар тобора кўпроқ гол уришга ҳаракат қилишига ва янги марраларни забт этишига ишора бўлади. Статистика мутахассисларининг маълум қилишича, йил бошидан бери энг кўп тўп киритган ҳужумчилар орасида биринчи ўринга “Бавария” ҳужумчиси Ҳарри Кейн кўтарилиб олди. У бугунга қадар 49 та голга муаллифлик қилмоқда. Шунингдек, Эрлинг Ҳоланд ва Криштиану Роналду эса ўз ҳисобидаги голларини 48 тага етказиб олди. Уларнинг ортидан Килиан Мбаппе 47 та гол билан бормоқда.
“Спорт Экспресс” нашри Россия Премьер-лигасининг 16-тури якунларига кўра, энг яхши футболчилар рейтингини эълон қилди. Унга кўра, “Зенит” аъзоси Вендел рейтингнинг биринчи ўрнига кўтарилган бўлса, жамоадоши Матео Кессьеррани иккинчи ўринга муносиб кўрилди. Биз учун аҳамиятлиси, келажаги порлоқ дея эътироф этилаётган футболчимиз, “ЦСКА” клуби аъзоси Аббосбек Файзуллаев илк бор кучли учликка кирди. Бунгача ўзбек легионери бешинчи поғонада қайд этилган эди.
Ҳа, бугун ўзбек футболи ва футболчилари юқори натижаларни қайд этмоқда. Жамоаларимиз, футболчиларимиз халқаро майдонда нималарга қодир эканини исботламоқда. Бунинг замирида мамлакатимизда сўнгги йилларда футболга қаратилаётган эътибор ётибди. Умид қиламизки, ўзбек футболи янада юксак марраларни забт этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА