Пойтахтимизда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг IV йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода, Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раиси Абдиманап Масалиев ҳамда Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев, шунингдек, туркий давлатлар уламолари, диний соҳа вакиллари иштирок этди.

Анжуманда давлатларимиз ўртасидаги кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, диний идоралар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, шунинг билан бирга, кўп асрлик миллий ва диний анъаналаримизни кенг тарғиб этиш, “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида экстремизм, радикализмга қарши курашиш, исломофобияга муросасиз бўлиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

– Бугунги кунда Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кучайтириш долзарб аҳамият касб этади, – деди Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев. – Ўтган вақт мобайнида бир қатор учрашувлар, онлайн тарзидаги турли дастурлар ўтказилди. Ҳозирги глобаллашув давридаги турли таҳдидлар, нотўғри ёндашувларнинг олдини олишда ана шундай учрашувлар ҳамжиҳатликда натижадор қарорлар қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади.

– Дунёда 200 миллиондан ортиқ аҳолини қамраб олган Туркий давлатларидаги ҳамкорлик тобора ривожланиб бормоқда, – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназаров. – Ҳадиси шарифларда мўминларнинг ўзаро меҳр-оқибати хусусидаги қимматли фикрлар алоҳида келтирилган. Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича дадил қадамлар қўйилмоқда. Айни пайтда диний идоралар ўртасидаги ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик натижаси ўлароқ, бир қатор ишлар, ибратли ташаббуслар, эзгу саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

– Мазкур тадбирни қўллаб-қувватлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдираман, – деди Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошозода. – Бизни узвий алоқалар, умумий қадриятлар бирлаштиради. Ўзбекистон диёридан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом ат-Термизий, Мотуридий каби буюк алломаларнинг мероси жаҳон цивилизациясига, Европада Уйғониш даврининг бошланишига катта ҳисса қўшгани билан қадрлидир. Бугун бу анъаналар илмий-маърифий ривожланишнинг янги босқичига чиқди. Мамлакатларимизнинг доно сиёсий раҳбарлари саъй-ҳаракатлари билан биродарлик, дўстлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

– Кенгаш ишини янада фаоллаштириш, тажриба алмашиш, қўшма илмий-маърифий дастурларни амалга ошириш долзарб саналади, – деди Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули. – Айни пайтда сайёҳликни ривожлантириш, қадимий қўлёзмаларни сақлаш, алломаларимиз юбилейларини кенг нишонлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бундай учрашувлар халқларни янада яқинлаштиришга, дўстлик, биродарликни, ўзаро ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

– Ҳар қандай таҳдид ва хатарларга қарши курашишда диний-маърифий онгнинг шаклланиши муҳимдир, – деди Туркия диёнат ишлари бошқармаси раиси, доктор Али Эрбош. – Ислом тинчликпарвар, маърифатпарвар экани билан бирга у раҳм-шафқат динидир. Ислом билан терроризм ўртасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Адолат, тенглик, тинчлик ғояларини тарғиб этиш учун бирлашишимиз, таълим, илмий-тадқиқотлар, ўзаро тажриба алмашиш соҳаларидаги ҳамкорликларни кучайтиришимиз керак.

– Мамлакатларимиз ҳудудларида Ислом дини азалдан ривожланиб келган, деди Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармаси Уламолар кенгаши раиси Абдиманап Масалиев. – Ушбу анжуман ибрат бўлишга арзигуликдир. Президент Шавкат Мирзиёев илғор ташаббусларни ҳамиша қўллаб-қувватлаб келгани, уларга сира бефарқ бўлмагани эътиборли.

– Мазкур анжуман ҳамда Бухородаги Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигига оид тантанали тадбирларда иштирок этаётганимдан мамнунман, – деди Туркманистон муфтийси Ялкап Ходжагулиев. – Ҳамкорлигимиз, бирдамлигимиз бардавом бўлишига умид билдираман. Ушбу анжуман соҳадаги ҳамкорликни кучайтиришда муҳим поғонадир.

Йиғилишда диний идоралар раҳбарлари биргаликда замонавий фатволар ишлаб чиқиш, уларни ҳаётга кенг татбиқ этиш ва бугунги кунда мусулмон уммати учун муҳим бўлган масалалар юзасидан ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашдилар.

Маълумотларга кўра, Туркий давлатлар ташкилоти туркий тилли халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида 2009 йил 3 октябрда имзоланган “Нахчиван шартномаси” асосида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши номи билан ташкил этилган. Туркия, Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ушбу ташкилот аъзоси ҳисобланади. Шунингдек, Туркманистон ва Венгрия ташкилотда кузатувчи мақомига эга.

2021 йил 12 ноябрда Истанбулда бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг VIII Истанбул саммитида ташкилот номи Туркий давлатлари ташкилоти деб ўзгартирилди.

2022 йил 15 апрель куни Истанбул шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг илк тарихий йиғилиши бўлиб ўтди. 2022 йил 21 октябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг Озарбайжоннинг Боку ва Шуша шаҳарларида бўлиб ўтган йиғилишида “Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотларининг раҳбарлари кенгашини ташкил қилиш тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.

Туркий давлатлар ташкилоти мусулмон диний ташкилотлари раҳбарлари кенгаши йиғилишлари туркий дунёнинг диний идоралари ўртасидаги алоқаларини мустаҳкамлаш, глобал муаммоларга биргаликда ечим топиш ва Ислом дини софлигини асраш борасидаги имкониятларни бирлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Анжуман мамлакатларимиз ва минтақадаги cоф динимизга нисбатан хуружларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш имконини берадиган янги таклиф ва ташаббусларга бой бўлди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири