Ўзбекистон ва Қозоғистон энг яқин қўшнилар ҳамда вақт синовидан ўтган стратегик ҳамкорлардир. Кейинги йилларда икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг янги даври бошланди, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатлар жадал ривожланмоқда.

Сенат ялпи мажлисида маъқулланган “Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шартнома ташқи сиёсат, мудофаа ва хавфсизлик, миграция, саноат кооперациясини ривожлантириш, трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш, парламентлар, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби соҳаларда яқин ҳамкорликни назарда тутади.

Шартноманинг ратификация қилиниши икки халқнинг маънавий-маданий яқинлигини қўллаб-қувватлашга, маданият, илм-фан, таълим ва спорт соҳасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шартнома иловасида давлат раҳбарлари бошчилик қиладиган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Олий давлатлараро кенгаши тўғрисидаги низом келтирилган.

Н.Абдураимова, ЎзА