Сенатда Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш, маҳкумларни топшириш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартномаларни ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар маъқулланди.

“Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги Шартномани (Рим, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонунда жиноят ишларини тергов қилиш ва бошқа процессуал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юридик ёрдам кўрсатиш асослари ва шарт-шароитлари назарда тутилмоқда.

Шартноманинг ратификация қилиниши икки мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг жиноят ишларини тергов қилиш ва суд муҳокамаси жараёнининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги Шартнома (Рим, 2023 йил 8 июнь) ратификация қилиниши Ўзбекистон ва Италия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташлари учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.

Ўзбекистон Республикаси билан Италия Республикаси ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги Шартномада (Рим, 2023 йил 8 июнь) ҳар бир томон бошқа томоннинг сўровига кўра ўз ҳудудида аниқланган ва бошқа томон тарафидан қидирилаётган шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ёки бундай шахсларга нисбатан чиқарилган ҳукмни ижро этиш учун бир-бирларига ушлаб бериши асослари ва шартлари кўрсатилган.

Мазкур Шартноманинг ратификация қилиниши суд муҳокамаси самарадорлигини оширишга ва жиноят содир этган шахсларга нисбатан жазонинг муқаррарлиги тамойилини таъминлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА