Институционал ислоҳотлар доирасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги, шунингдек, миллий мудофаа саноати йўналишида давлат бошқаруви тизими такомиллаштирилди.

Сенатнинг қирқ еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига республика ижро этувчи ҳокимият органларининг номларини мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун билан айрим қонунларнинг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлаштирилди.

Шунингдек, тугатилган, қайта ташкил этилган ва ташкилий бўйсунуви ўзгарган давлат органларининг ваколатлари қайси давлат органларига ўтказилгани аниқлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси негизида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Мудофаа саноати агентлиги ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурида “Oʼztextreyd” давлат унитар корхонаси тузилганлиги сабабли “Давлат божи тўғрисида”, “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартишлар киритилмоқда.

Маъмурий ислоҳотлар доирасида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурига ўтказилган республика ижро этувчи ҳокимият органи этиб белгиланди.

Маълумки, Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси этиб қайта номланган эди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”, “Ветеринария тўғрисида”, “Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги ва бошқа қатор қонунларга тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун келгусида аграр, сув ҳамда мудофаа саноати соҳаларидаги республика ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари аниқлаштирилишига ва яхлит тизим шаклланишига хизмат қилади.

Н.Абдураимова, ЎзА