Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Бобур ва Фурқат кўчаларида йўлларни жорий таъмирлаш, транспорт ҳаракатини оптималлаштириш, ахборот технологияларини жорий этиш ишлари бошланган.

Ишлар доирасида синов тариқасида “ақлли бекат»лар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Унга кўра, жамоат транспорти йўловчилари ва бошқалар ўз мобил қурилмаларини қувватлантириши, Wi-fi тармоғидан фойдаланиши ҳамда электрон таблода кутилаётган автобус келишига қанча вақт қолганини кўришлари мумкин бўлади. Шунингдек, бекат видеокузатув тизими билан ҳам жиҳозланиб, янада кенгроқ бўлади.

Бундан ташқари, Муқимий номидаги театр олдида автомобиллар учун пуллик тўхташ жойлари ва электр транспорт воситаларини қувватлантириш жойлари синов тариқасида ташкил қилинади.

Қолаверса, велосипед ва самокат фойдаланувчилари ҳам тураргоҳдан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Бу мазкур манзилда йўл бўйида тўхташ жойлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаши ва кикшеринг фойдаланувчилари учун қўшимча қулайлик бўлиши кутилмоқда.

Ш. Маматуропова, ЎзА