Нукус шаҳридаги 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 3 декабрь ногиронлар куни олдидан болалар ва катта ёшдагилар ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга эътибор қаратишди. Улар ўзларини ёлғиз ҳис этмаслиги, зарур билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши, маданий эҳтиёжларини таъминлаш учун барча шароит яратилганлиги қайд этилди.

Мусобақада Нукус шаҳридаги 26, 10-сонли, Хўжайли туманидаги 17-сонли махсус мактабгача таълим ташкилотлари  тарбияланувчилари, 4, 10-сонли махсус, 3-сонли республика махсус мактаб-интернати ўқувчилари иштирок этди. Улар спортнинг  енгил атлетика, стол тенниси, волейбол, бадминтон, шашка турлари, қувноқ стартлар бўйича баҳслашди.

Қизиқарли ўтган мусобақа якунида барча спорт турлари бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали ҳамда тадбиркорлар томонидан совғалар топширилди.
Тадбир сўнггида иштирокчиларга байрам дастурхони ёзилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири