Индонезияда футбол бўйича U-17 терма жамоалари ўртасида давом этаётган жаҳон чемпионатини вакилларимиз гарчи 1/4 финал босқичида якунлаган бўлсада, Ўзбекистон юксак иқтидорлар мамлакати эканлигини яна бир карра намойиш этди.
Ўсмирларимиз жаҳон чемпионатининг “В” гуруҳида Испания, Мали ва Канада терма жамоалари билан баҳс олиб бориб, кейинги босқичга чиқиш ҳуқуқига эга бўлди.
Гуруҳ босқичининг 1-турида Мали жамоасига 3:0 ҳисобида имкониятни бой берган Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 2-турда Канада термасини 3:0 кўринишида доғда қолдирди. 3-турда эса Испания билан 2:2 ҳолатида муроса йўлини танлади.
Чемпионатнинг 1/8 финал босқичида Англия терма жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиши ортидан ўзига хос шов-шув ясаган ўсмир футболчиларимиз 1/4 финалда мусобақанинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланган Франция терма жамоаси билан тўқнаш келди.
Таъкидлаш лозимки, Франция – Ўзбекистон учрашувида ҳамюртларимизнинг ярим финал йўлланмаси учун олиб борган шиддатли ҳаракати таҳсинга лойиқ бўлди.
Африка кенгликларининг тафти билан камолга етиб, Европа яшил майдонларида тобланган Франция терма жамоаси аъзоларини ёш ва умидли футболчиларимиз кўп ҳолларда изза қилишга эриша олди. Ўйин 1:0 ҳисобида “европаликлар” фойдасига ҳал бўлган бўлсада, U-17 терма жамоамиз дунёнинг энг кучли саккизта жамоасидан бири сифатидаги эътирофга сазоворлиги тарихий натижадир.
Шу ўринда бир фикр. Кейинги йилларда мамлакатимиз футбол жамоаларининг халқаро мусобақалардаги кўрсаткичлари йилдан йилга яхшиланиб бормоқда. Хусусан, Анвар Раҳимов бош мураббийлигидаги U-17 терма жамоамизнинг Индонезия майдонларида кечаётган жаҳон чемпионатидаги иштироки ҳам шундай сўз юритишга изн берадики, ёш футболчиларимиз Францияга натижани бой берган ҳолда ўйин ҳолатида ютуққа эришгани бор гап. Ўзбекистон юксак иқтидор соҳиби бўлган ёш футболчилар мамлакати эканини исботлаётгани, дунёга кўрсата олаётгани барчамизни бирдек қувонтираётганини таъкидламоқ лозим.
Энди U-17 жаҳон чемпионатининг 1/2 финал ўйинлари 28 ноябрь куни бўлиб ўтади. Унда Аргентина-Германия, Франция-Мали жамоалари рўбарў келади. Чемпионатнинг 3-ўрин учун ўйини 1 декабрь куни ташкил этилса, финал учрашуви 2 декабрда ўтказилади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА