Мамлакатимиз спорт тарихида илк бор Олимпия ўйинлари олтин медалини қўлга киритган маҳоратли спортчи, «Лиллехаммер-1994» Олимпиадаси чемпиони Лина Черязовага мураббийлик қилган мутахассис Дмитрий Кавунов юртимизга келди.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Тошматов билан кечган суҳбат жараёнида юртимизда қишки спорт турлари, хусусан, фристайл йўналишларини қайта ривожлантириш масаласида фикрлар илгари сурилди.
Россия фристайл федерацияси вице-президенти Михаил Бородянский ҳамда Халқаро чанғи спорти турлари федерациясининг эксперти Андреа Ринальди иштирок этган учрашувда Д.Кавунов Россия ва Канада терма жамоаларидаги мураббийлик фаолияти эсга олинди. Мамлакатимизда фристайл спорт турларини ривожлантириш бўйича дастлабки режалар муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида аввало, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, уларнинг шуғулланишлари учун шароит яратиш муҳимлиги таъкидланди.
Мулоқот якунида юртимизда қишки спорт турлари ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасида давлатимиз томонидан муҳим ишлар олиб борилаётгани, “Ҳумо арена” ва “Алпомиш” муз саройларини қуриш орқали оммавий спорт тарғиботи кучайтирилаётгани, фристайлнинг нафақат акробатика, балки могул йўналишини ривожлантириш, Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида мусобақа ва ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш мумкинлиги айтиб ўтилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА