Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Осиё паралимпия қўмитасининг (APC) XXXII Ижроия кенгаши ўтказилмоқда. Унда Осиё паралимпия қўмитаси вице-президенти – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси Мухторхон Тошхўжаев ҳам иштирок этмоқда.

Осиё паралимпия қўмитасининг (APC) XXXII Ижроия кенгаши йиғилишининг дастлабки кунларида Ижроқўм аъзолари 2021 ва 2022 йиллардаги молиявий ҳисоботлар, 2023 йил учун ички ҳисобот ва 2024 йилги бюджет масалалари, ташкилотга аъзолик бадаллари, стратегик режани янгилаш, ўтган вақт мобайнида Осиё паралимпия қўмитаси ҳамда Миллий паралимпия қўмиталари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисобини муҳокама қилди.

Шунингдек, йиғилиш давомида бўлажак “Париж-2024” ёзги Паралимпия ўйинлари, “Тошкент-2025” Ёшлар ўртасида Параосиё ўйинлари ҳамда 2026 йилги Аичи-Нагоя шаҳарларида ўтадиган Параосиё ўйинларига тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам бир қатор фикрлар ва таклифлар ҳақида сўз борди.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА