Бугун, 24 ноябрь куни шахмат бўйича ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Италияда ўтаётган жаҳон чемпионатининг сўнгги 11-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Дунёнинг 80 та давлатидан 760 нафардан зиёд ёш шахматчилар иштирок этаётган чемпионатнинг сўнгги тури олдидан кеча ўтказилган 10-тур баҳсида 14 ёшгача бўлганлар орасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Афрўза Ҳамдамова Халқаро шахмат федерацияси байроғи остида мусобақада иштирок этаётган россиялик Анна Шухман билан куч синашди.

Ҳамюртимиз ушбу турда гарчи қора доналарда ўйнаган бўлса-да, россиялик Шухманни катта устунлик билан мағлубиятга учратди ва очколари сонини 9 тага етказиб олди.

Айни пайтда ўз ёш тоифасида якка пешқадамга айланган А.Ҳамдамова бугун ўтказиладиган 11-турда 7,5 очкога эга грузиялик Кесария Мгеладзега қарши ҳаракатланади.

Таъкидлаганимиздек, Афрўза 11-тур арафасида 9 очко билан жаҳон чемпионатида етакчилик қилаётган бўлса, ундан кейинги ўринда бораётган қозоғистонлик Элназ Калиахметда 8 очко, 5 нафар шахматчи 7,5 очко билан совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда. Чемпионлик учун кураш эса кўриниб турганидек Афрўза ва Элназ ўртасида кечмоқда. 11-турда Қозоғистон вакили қора доналарда 7,5 очко жамғарган украиналик Божена Пиддубна билан баҳс олиб боради.

Жаҳон чемпионатида қатнашаётган ҳамюртларимиздан Миразиз Қўзиев 14 ёшли ўғил болалар орасидаги кечаги баҳсда австриялик Лукас Дотцер билан дурангга эришиб, 6,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди. 16 ёшли қизлар мусобақасида қатнашаётган Гулдона Каримова ҳам мўғулистонлик Эрденебаяр Хуслен билан муроса йўлини танлади.

Бугун, 24 ноябрь куни ўтказиладиган сўнгги 11-турда Миразиз Қўзиев словениялик Джерней Козлович билан, Гулдона Каримова германиялик Катерина Бройтигам билан куч синашади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА