Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида пенчак-силат спорт тури бўйича ёшлар ва катталар ўртасида ўтказилган 7-Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 8 та медаллар шодасини қўлга киритди.

Қитъанинг 30 та давлатидан маҳоратли спортчилар иштирок этган нуфузли мусобақада терма жамоамиз аъзоларидан Ҳасан ва Ҳусан Азизжонов ўз вазнларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Ҳамюртларимиздан Шоҳрух Шуҳратов ва Жамшид Воҳиджонов кумуш медалларни қўлга киритган бўлса, Шоҳрухмирзо Суюнов, Азизжон Исоқов, Муҳаммадқодир Рустамов ва Нурислом Рўзибоев бронза медалига эга чиқди.

— Мазкур қитъа чемпионатига муносиб тайёргарлик кўрганимиз натижаларда ўз аксини топди. Делегациямиз таркибида 13 нафар спортчи бўлган бўлса, уларнинг 8 нафари юқори натижани қайд этди. Бу, кўзланган мақсадга эришганимизнинг исботи бўлди, — деди Ўзбекистон пенчак-силат федерацияси раҳбари Муҳаммад Мубин Рўзибоев.

Дубай спорт майдонларида муносиб натижаларга эришган Ўзбекистон спорт жамоаси юртимизга қайтиб келди.

Т.Рўзиев, ЎзА