Индонезияда ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси чорак финал йўлланмасини қўлга киритди.

Жакарта шаҳридаги “Жакарта” стадионида ўтган 1/8 финал босқичида Ўзбекистон ва Англия ёшлар терма жамоаси ўзаро рақобатлашди. Учрашувнинг 4-дақиқасида Лазизбек Мирзаев тўпга охиригача интилиб зарба беришга ҳаракат қилди. Дарвозабондан қайтган тўпни Амир Саидов боши билан дарвозага йўллади ва жамоамиз 1:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Афсуски, бўлимнинг 36-дақиқасида Жоэль Ндала бирга-бир вазиятдан унумли фойдаланиб ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимнинг 67-дақиқасида Лазизбек Мирзаев жарима зарбасини гўзал тарзда ижро этди ва жамоамизни олдинга олиб чиқди. Шу тариқа, терма жамоамиз футбол ватани бўлган Англия жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди.

Энди футболчиларимиз ярим финал йўлланмаси учун ўтадиган ўйинда Франция ва Сенегал термалари ўртасидаги ўйин ғолибига қарши майдонга тушади. Мазкур ўйин 25 ноябрь куни бўлиб ўтади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА