Пойтахтимиздаги “Универсал” спорт мажмуасида бокс бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилмоқда.

Ўзбекистон ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда мамлакатимиз бокс федерацияси томонидан юртимизда иқтидорли ёш боксчиларни саралаш ва терма жамоага уларни қўшиш ҳамда бу орқали олдинда турган нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиш мақсадида ташкил этилаётган  мамлакат чемпионатининг биринчи кунги баҳслари якунланди.

Кескин ва муросасиз ўтган беллашувларда Улуғбек Нўмонов, Синдор Ризқулов, Илёсбек Мамадисломов, Иброҳим Ишжонов, Асилбек Абдураҳмонов, Сардор Камолмирзаев, Жаҳонгир Эгамбердиев, Мерож Саимов, Сардор Аширов каби бир қатор иқтидорли боксчиларимиз ўз вазнларида ғалаба қозониб навбатдаги босқичга йўл олди.

Бугун, 22 октябрь куни, чарм қўлқоп усталари чемпионат доирасида саралаш жангларини ўтказади.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА