Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун “Бунёдкор” стадионида Эрон термасига қарши “ЖЧ-2026” ва “Осиё кубоги-2027” қўшма саралаш босқичи доирасида ўзаро рақобатлашади.
Ушбу ўйин олдидан ҳар икки жамоа қарама-қаршилиги тарихига назар солсак. Мазкур учрашувга қадар икки терма жамоа 12 бор ўзаро тўқнаш келган. Афсуски, ушбу ўйинларнинг статискаси рақиблар фойдасида бўлиб турибди. Аниқроғи, вакилларимиз 12 та ўйинда биттадан ғалаба ва дуранг қайд этган. Қолган 10 та учрашувда эронликлар ғалаба қозонган.
Аммо бу учрашувлар тарихда қолди. Ҳозир миллий терма жамоамизнинг ўйин услуби анча ўзгарган ва футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати бир маромда. Шунингдек, «E» гуруҳининг 1-тур ўйинида улар сафарда Туркманистон термасига қарши ўйинда 1:3 ҳисобида ғалаба қозонишни уддалади. Эрон эса ўз майдонида кутилганидек Гонгконгни аяб ўтирмади ва 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи турдан сўнг икки фаворит жамоа – Ўзбекистон ва Эрон 3 очко тўплаган ҳолда етакчилик қилмоқда.
Футболда енгилмайдиган жамоанинг ўзи йўқ, ҳар қандай жамоа ўртасидаги ўйин доимо 0:0 ҳисобида бошланади. Шундай экан, бугунги учрашувда футболчиларимиз ёзилган тарихни унутиб, янги ғалабалар сари олдинга қараб боришлари зарур. Муҳими майдон текис, тўп эса думалоқ.
Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги 13 ўйинни Бирлашган Араб Амирлигидан келган ҳакамлар Муҳаммад Абдулла Ҳассан (Бош ҳакам), Муҳаммад Ал-Ҳаммади ҳамда Ҳасан Ал-Маҳри (қанот ҳакамлари) бошқариб боради. Уларни эса Нобору Ишияма (Япония) назорат қилади. Ҳиндистондан келган Суврат Татте ўйин коммисари этиб белгиланди.
Сречко Катанец бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси мазкур баҳсда тўлиқ кўк, дарвозабон эса яшил либосда ҳаракат қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА