Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида «Жанубий Оролбўйи биологик ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш муаммолари» мавзусида IX халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман биологик ресурсларнинг долзарб муаммолари, уларни ҳимоя қилиш ва оқилона фойдаланиш ҳамда ҳудуддаги биологик турли-туманликни сақлаб қолишга қаратилди.

Анжуманда мамлакатимиз ва чет давлатлар етакчи илмий муассасаларининг, олий ўқув юртлари ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари ҳамда ёш олимлар, докторантлар, тадқиқотчи-изланувчилар қатнашди.

–Ҳозирги кунда Орол инқирози ва у келтириб чиқарган оқибатларни ўрганиш Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими олимларининг асосий тадқиқот объектига айланди, –дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ табиий фанлар илмий-тадқиқот институти директори, экология фанлари доктори, профессор Светлана  Мамбетуллаева. – Олимлар томонидан Орол фожиаси оқибатларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Бу тадқиқотлар натижасида олимларимиз Орол денгизи ва Оролбўйи табиий ҳудудлари биологик режими ўзгаришларини кўрсатувчи жуда кўп ва турли-туман, ноёб материалларни тўплади.

Конференцияда  мамлакатимизнинг кўзга кўринган олимлари Жанубий Оролбўйи табиий муҳитининг ҳозирги ҳолатини ўз чиқишларида тасвирлаб беришди. Ердан фойдаланишда табиат муҳофазасига эътибор қаратган ҳолда бошқариш муаммолари муҳокама қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси туманларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши концепцияси ва бошқа масалалар кўриб чиқилди ва ҳудуднинг табиий муҳити аҳволини яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди.

Н. Раҳмонова, ЎзА мухбири