Тунисда ёшлар тоифасида қиличбозликнинг сабля қуроли бўйича йигитлар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги якунланди.
Мусобақанинг жамоавий мусобақасида Ислом Абдазов, Мусо Аймуратов, Азиз Даулетназаров ва Зуҳриддин Қодировдан ташкил топган Ўзбекистон миллий терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Қиличбозларимиз мусобақа давомида Болгария, Франция каби кучли рақиб жамоаларни енгди. Афсуски, терма жамоамиз сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида Руминияга имкониятини бой бериб қўйди.
Эслатиб ўтамиз, сабля йўналишининг яккалик баҳсларида Зуҳриддин Қодиров кумуш медалга эга чиққан эди. Шу тариқа, Тунисда ўтказилган Жаҳон кубогида вакилларимиз икки кумуш медални қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА