Пойтахтимиздаги “Алпомиш” спорт мажмуасида дзюдо бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионати ўтказилди.
Чемпионатнинг ёшлар ўртасидаги баҳсларида Рустам Шораҳматов, Маҳмуджон Маҳсудов, Гулҳаё Жўраева, Фарангиз Режепова, Ширинжон Йўлдошева, Барчиной Қодирова, Фотима Қуромбоева ўз вазн тоифаларида олтин медални қўлга киритган бўлса, Замаҳшари Бекмуродов, Муҳаммадяҳё Муҳаммаджонов, Шаҳзодхўжа Шарипов кумуш медал билан тақдирланди. Шунингдек, Моҳларойим Тўхтамишева, Ҳожиакбар Тошев, Аҳрор Зиёдуллаев, Алишер Саманов, Абдуллоҳ Худоёров ва Шаҳноза Ҳусанова шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси умумий ҳисобда 7 та олтин, 3 та кумуш ва 6 та бронза, жами 16 медаль жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг ўсмирлар ўртасидаги қитъа чемпионатида Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси умумий ҳисобда 7 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритиб, 15 та мамлакат орасида биринчи ўринни эгаллаган эди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА