Куни кеча футбол ихлосмандлари Жаҳон чемпионати ва Европа чемпионати саралаш учрашувлари ва Индонезияда ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги баҳсларга гувоҳ бўлди. Ўзбек футбол мухлислари учун энг қизиқарли ва муҳими Ўзбекистон U-17 ва миллий терма жамоамиз ўйини бўлгани шубҳасиз.
Аввало, Индонезияда ўтаётган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси натижаларига эътибор қаратамиз. Гуруҳ баҳсларининг сўнгги турида футболчиларимиз Испания термаси билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Бу эса ҳамюртларимизнинг 4 очко тўплаган ҳолда 3-ўриндан жой олишига сабаб бўлди. Шуни таъкидлаш лозимки, терма жамоамиз мусобақадаги энг яхши учинчи поғонадан жой олган жамоалар орасида кучли тўртликдан ўрин эгаллади ва плей-офф босқичига йўл олди. Навбатдаги босқичда футболчиларимиз Англия ёки Сенегал термаси билан ўйин ўтказиши мумкин.
2026 йили АҚШ, Мексика ва Канадада ўтказиладиган жаҳон чемпионати учун Осиё қитъасидаги саралаш босқичининг “E“ гуруҳидаги 1-тур ўйинлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтамиз. Унда Ўзбекистон терма жамоаси сафарда Туркманистонни 1:3 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Эрон ўз майдонида Гонгконгни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Мазкур натижадан сўнг Эрон ва Ўзбекистон 3 очко тўплаган ҳолда биринчи ва иккинчи поғонадан жой олди. Кейинги ўринларни Туркманистон ва Гонгконг термалари забт этди.
Шунингдек, саралаш баҳсларининг кечаги учрашувларида Қатар, Япония, Жанубий Корея, Саудия Арабистони, Австралия, Сурия, Ҳиндистон, Уммон, Хитой, БАА, Баҳрайн ва Малайзия терма жамоалари ғалаба қозониб муҳим 3 очкони қўлга киритди.
Энди 21 ноябрь куни саралашнинг иккинчи тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Океан ортида КОНМEБОЛ минтақаси доирасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг 5-тури ўз ниҳоясига етди.
Унда Колумбия ўз майдонида Бразилияни 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Аргентина ҳам мухлислари кўз олдида Уругвайга мағлуб бўлди. Шунингдек, Чили Парагвай билан дуранг ўйнаган бўлса, Боливия Перуни таслим қилди. Ушбу турдан кейин Аргентина 1-ўринда қолди. Уругвай иккинчи, Колумбия учинчи поғонага кўтарилиб олди. Бразилия эса 5-ўринга тушиб кетди.
Кўхна қитъада эса “Евро-2024″ саралашидан ўрин олган бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди.
Унда “А” гуруҳида Грузия – Шотландия билан 2:2 ҳисобида дурангга имзо чекди. Испания эса Кипрни сафарда 3:1 ҳисобида енгди. “F“ гуруҳида Озарбайжон Швецияни 3:0 ҳисобида мағлуб қилган бўлса, Австрия 2:0 ҳисоби билан Эстониядан устун келди. ”J“ гуруҳида Лихтенштейн ўз майдонида Португалияга 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА