Давра суҳбати доирасида Евроосиё тараққиёт банки раҳбари ва масъул вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Шунингдек, “Марказий Осиёда ирригация ва сув ресурслари”, “Халқаро молиявий институтларнинг  экологик ва  ижтимоий стандартлари”, “Марказий Осиёда лойиҳаларни амалга оширишда халқаро ташкилотлар ва молия институтлари  ҳамкорлигининг амалий  мисоллари” мавзуларида муҳокамалар ҳам бўлиб ўтди.

Маълумот учун, Евроосиё тараққиёт банки  2006 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг фаолияти Евроосиё мамлакатларида  иқтисодиёт,  савдо-иқтисодий алоқалар ва интеграциявий  жараёнларни  ривожлантиришга йўналтирилган.  Ушбу халқаро молиявий ташкилот аҳолининг турмуш даражасини ошириш,  бизнес, молия муҳитини ривожлантиришга    қаратилган инвестиция лойиҳаларини  молиялаштиради.

2020 йилда Евроосиё тараққиёт банки ҳузурида Рақамли ташаббуслар жамғармаси ташкил этилди. Унинг асосий мақсади рақамли  трансформация жараёнида Евроосиё тараққиёт банкига аъзо мамлакатларни қўллаб-қувватлашдир. Жамғарма соғлиқни сақлаш, савдо, давлат бошқаруви, маданият, туризм, спорт, таълим, экология, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш,  маълумотларни ҳимоя қилиш, транспорт, логистика, саноат, қишлоқ хўжалиги, меҳнат бозори ва миграция, шунингдек, молиявий технологиялар ва  «ақлли шаҳарлар» каби  соҳалардаги  рақамли лойиҳаларни  амалга оширишга кўмаклашади.

Евроосиё тараққиёт банки портфелида транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик йўналишларидаги  лойиҳалар асосий ўринни эгаллайди.

А.Машрабханов, ЎзА

Олма-ота, Қозоғистон