Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилиш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, шунингдек, ушбу соҳада белгиланган талабларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш вазифалари юклатилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Радиацион, кимёвий ва тиббий – биологик муҳофаза бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари тузилмасида ёниш ва портлаш хавфи юқори бўлган кимёвий моддалар билан боғлиқ фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўлими ҳамда бўлинмалари ташкил этилади.

Қуйидагилар бўлимнинг (бўлинмаларнинг) асосий вазифалари этиб белгиланади:

вазирлик, идора ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилишда белгиланган хавфсизлик талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;

республика ҳудудига олиб кирилган, республика ҳудудида жойлашган объектларда сақланаётган ҳамда республика ҳудуди орқали транзит ташилаётган кимёвий моддалар (маҳсулотлар) тўғрисида ягона марказлашган маълумотлар базасини яратиш ва доимий юритиб бориш;

кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилишда юзага келадиган техноген авариялар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, шунингдек, оқибатларини бартараф этиш ишларини мувофиқлаштириш;

кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилиш соҳасида манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш.

Қарорга кўра, республика ҳудудига олиб кириладиган кимёвий моддалар (маҳсулотлар) бўйича электрон маълумот алмашинуви тизими йўлга қўйилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб республика ҳудудига олиб кирилган ҳамда белгиланган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган кимёвий моддалар (маҳсулотлар) ва уларни олиб кирувчи субъектлар тўғрисидаги маълумотлар Божхона қўмитасининг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими орқали Фавқулодда вазиятлар вазирлигига реал вақт режимида тақдим этиб борилади.

Республика ҳудудига олиб кирилган, республика ҳудудида жойлашган объектларда сақланаётган ҳамда республика ҳудуди орқали транзит ташилаётган кимёвий моддалар (маҳсулотлар) тўғрисида ягона марказлашган маълумотлар базасини яратилади ва доимий юритиб борилади.

Кимёвий моддаларни (маҳсулотларни) сақлаш, ташиш, улардан фойдаланиш ва йўқ қилишда хавфсизлик талабларига риоя этилишини таъминлашга қуйидагилар жавобгар ҳисобланади:

кимёвий моддалар (маҳсулотларни) омборга жойлаштирилгунига қадар -ташувчи;

кимёвий моддалар (маҳсулотлар) омборга жойлаштирилганда – омбор эгаси;

кимёвий моддалардан (маҳсулотлардан) фойдаланиш ва йўқ қилишда – улардан фойдаланувчи субъект.

ЎзА