Франция Президенти Эммануэл Макроннинг 1-2 ноябрь кунлари мамлакатимизга амалга оширган расмий ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Франция етакчилари икки томонлама алоқани келгусида стратегик шериклик даражасига кўтаришга асосланган қўшма баёнот қабул қилдилар.

Ҳужжатда қайд этилишича, 1993 йил 27 октябрда Ўзбекистон билан Франция ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланганининг 30 йиллигига тўғри келган Франция раҳбарининг Ўзбекистонга тарихий ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатда янги саҳифа очмоқда.

Томонлар Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги муносабатини стратегик шериклик даражасига кўтариш ниятида юқори даражадаги глобал ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида ҳукуматлараро алоқани фаоллаштиришга, умумий манфаатларга эга барча соҳаларда узоқ муддатли структуравий лойиҳаларни илгари суришда давом этишга қарор қилишди.

Баёнотнинг асосий мезонлари икки томонлама шерикликни янада чуқурлаштириш орқали ижобий истиқболни белгилашга йўналтирилган. Франция томони “Ўзбекистон – 2030» Стратегиясини амалга оширишда кўмаклашишга ҳамда демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларни янада қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирган.

Икки давлат халқаро хавфсизлик соҳасида юзага келаётган таҳдид ва хатарларга қарши самарали курашиш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлиги ҳам айтилган. Шунингдек, хавфсизлик тузилмалари ўртасида алоқани янада ривожлантиришга келишиб олинди.

Маданият ва мерос соҳасида 2022-2023 йилларда Лувр музейи ва Париж Араб дунёси институтида ташкил этилган иккита кўргазма натижаларини инобатга олган ҳолда, томонлар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Маданий мерос Миллий институти ўртасида ҳамкорликни ўрнатиш орқали маданий меросни қайта тиклаш соҳасидаги алоқани янада ривожлантиришга қарор қилишди.

Ўзбекистон ва Франция, шунингдек, 2021 йил 6 январдаги Аҳдлашув декларациясига мувофиқ, Тошкентда Ўзбек-Француз маданият марказини ташкил этиш борасидаги ишларни давом эттиради. Таълим соҳасида Самарқандда “Француз Альянси” очилиши қўллаб-қувватланди ҳамда Ўзбекистонда француз тилини ўқитишни қўллаб-қувватлаш, француз тили даражасини расмий аттестациядан ўтказиш, ўқитувчилар малакасини оширишга кўмаклашиш ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш мақсадида ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги савдо ва инвестицияни ривожлантириш, хусусан барқарор ривожланишга алоҳида эътибор қаратиш муҳим. Яшил энергия, юқори технологиялар, стратегик фойдали қазилмалар, сув ва шаҳар хўжалиги, транспорт, инфратузилма ва соғлиқни сақлаш йўналишларини ривожлантириш мақсадида иқтисодий шартномалар имзоланди.

Ўзбек-Француз иқтисодий палатаси ташкил этилгани ҳам катта мамнуният билан қайд этилди. Иқтисодиётнинг барча соҳаларида, хусусан, 2018 йилдан буён икки мамлакатда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар якунлари бўйича эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Ҳужжатга кўра, 2020-2030 йилларга мўлжалланган иқтисодий “Йўл харитаси” асосида қуйидаги тармоқларда, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида устувор амалга ошириш ёки бошлаш тузилмавий лойиҳалар рўйхатини тузишга келишиб олинди. Шу жумладан, энергетика ва электр энергиясини тақсимлаш, геологик қидирув, сув ресурсларини бошқариш, транспорт, туризм ва тоғ объектлари, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, инновацион технологиялар соҳаларида ҳамкорлик жадаллаштирилади.

Савдо ва инвестицияни рағбатлантириш борасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Франция ҳукуматлараро комиссияси, Франция корхоналари ҳаракатининг “MEDEF International” фаолияти қўллаб-қувватланди. Баёнотда, шунингдек, томонлар Франция тараққиёт агентлиги гуруҳи билан Ўзбекистонда амалга оширилган қўшма лойиҳалар портфели 1,3 миллиард еврога етгани кўрсатилди.

Агентлик иштирокида амалга оширилаётган шаҳар инфратузилмаси, “яшил” иқтисодиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув бошқаруви каби қатор тармоқларни ривожлантириш бўйича муҳим дастурлар эътироф этилади. Франция томони Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва яхши қўшничилик муносабатларини таъминлаш борасида олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Қўшма декларацияда, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорлик, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, унинг ихтисослашган муассасалари ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар, тегишли минтақавий тузилмалар доирасида ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришга тайёрлиги кўрсатилган.

Томонлар халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойилларига, хусусан, БМТ низомида белгиланган ҳудудий яхлитлик, суверенитет, мустақиллик ва халқаро тан олинган чегаралар дахлсизлиги, барча давлатларнинг ташқи алоқаларда куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик ҳамда низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича мажбуриятига қатъий содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Ўзбекистон ва Франция БМТ Бош Ассамблеясида БМТ низомининг бузилиши юзасидан овоз беришдан олдин яқиндан маслаҳатлашадилар. Глобал озиқ-овқат маҳсулотлари ва ядро хавфсизлиги, келажакдаги экологик офатларнинг олдини олишнинг муҳимлиги ҳам кўрсатилган.

Яна бир бандда эса икки давлат Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар ривожини муҳокама қилгани айтилади. Томонлар ўзаро алоқани янада мустаҳкамлаш ҳамда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқани яхшилаш бўйича ЕИнинг “Глобал Gateway” стратегиясини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ва евро-тузилма ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг муҳимлигини таъкидлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2022 йил 17-18 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи — Марказий Осиё ўзаро боғлиқлиги: барқарор ривожланиш учун глобал дарвоза” мавзусидаги халқаро анжуман натижаларини кўриб чиқиш ҳамда 2024 йилнинг иккинчи чорагида мамлакатимизда бўлиб ўтиши режалаштирилган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” биринчи тўлақонли саммити хусусида маълумот берилган.

Ҳужжат муҳим масалаларга мурожаат этаркан, икки давлат иқлим ўзгаришига қарши курашиш, унинг оқибатларига мослашиш чораларини кўриш ва Париж келишуви мажбуриятларини тўлиқ, самарали амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатларни кучайтиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилади.

Франция Президенти Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни олқишлади ҳамда Орол денгизи экотизимини сақлаб қолиш ва уни ривожлантиришга ҳисса қўшиш бўйича Франция тараққиёт агентлиги томонидан амалга оширилаётган тадбирларга эътибор қаратди. Жумладан, яшил, кам углеродли ва барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни жадаллаштириш, инсон ва атроф-муҳитни уйғунлаштиришга биргаликда кўмаклашишга келишиб олинди.

Икки давлат раҳбарлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2593-сонли резолюциясини тўлиқ амалга ошириш муҳимлигини қатъий такрорлайди. Бу борада олий даражадаги маслаҳатлашувлар давом эттирилади.

Мазкур ҳужжат доирасида амалга ошириладиган ишлар бисёр. Икки томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда. Давлат раҳбарлари келишувлари бу борадаги ҳаракатларни янада жадаллашишга олиб келади.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА