Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида эришилган келишувлар юксак баҳоланди

Ўзбекистон делегациясининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи муносабати билан “Виллард интерконтинентал” меҳмонхонасида учрашув бўлиб ўтди.
Бу ҳақда Ўзбекистон Респуликаси Президентининг Матбуот хизмати хабар қилди.
Унда икки мамлакат расмий делегацияси аъзолари, вазирлик ва компаниялар раҳбарлари, бизнес ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Президент Дональд Трамп билан мулоқоти ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш руҳида ўтганини алоҳида таъкидлади.“Биз бу тарихий ташрифни кейинги икки йил мобайнида мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг мантиқий давоми, деб биламиз. Гарчи мамлакатларимиз географик нуқтаи назардан бир-биридан олисда жойлашган бўлса-да, меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва ватанпарварлик каби қадриятлар халқларимизни бирлаштириб туради”, деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик кенгаяётгани таъкидланди. Куни кеча икки мамлакат компаниялари ўртасида қарийб 4,8 миллиард долларлик янги шартномалар имзолангани юқори баҳоланди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари Ўзбекистон тарихини чуқур ўрганиб, бутун дунёда кенг тарғиб этаётган Фредерик Старр ва барча америкалик олимларга ташаккур изҳор этди.
Тадбирда яна бир эътиборли воқеа бўлди: кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Ашерович Малаковга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилгани эълон қилинди. Изро Малаков юксак эътибори ва қадрдон ўзбек халқининг унвони учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
8a526999-93c5-4bf0-00d5-2d7997494dff.jpg

 

ЎзА