Сочи шаҳрида спорт соҳасида Россия-Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилаётган халқаро яккакурашлар фестивалида Ўзбек спорти – курашнинг жозибали усуллари намойиш этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси мазкур халқаро яккакураш фестивалида иштирок этмоқда.

Россия Олимпия қўмитаси ва Краснодар ўлкасининг спорт ташкилотлари ташаббуси билан ташкил этилаётган тадбир доирасида Ўзбек спорти кураш ва бокс бўйича ҳар икки мамлакатнинг таниқли спортчилари иштирокида беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Даставвал, спорт соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш мавзусида учрашув ўтказилди. Унда ҳамкорликнинг янги қирралари муҳокама қилинди.

Россия Олимпия қўмитаси бош котиби Родион Плитухин узоқ йиллардан бери ривожланиб бораётган ҳамкорликни келгусида ҳам давом эттиришдан мамнун эканини билдирди. Шунингдек, илм-фан ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида икки томон ўртасида имзоланган меморандум бугунги кунда профессионал атлетларни тайёрлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Дастурга мувофиқ, фестивалнинг илк кунида кураш бўйича халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Унда бешта мамлакатдан ташриф буюрган полвонлар баҳс олиб борди.

Фестиваль низомига мувофиқ, бокс бўйича “Рио-2016” Олимпиадаси ғолиблари, ҳамюртларимиз Ҳасанбой Дўсматов ва Фазлиддин Ғоибназаров, тажрибали профессионал боксчимиз Ботир Аҳмедов ҳамда россиялик бир қатор номдор чарм қўлқоп вакиллари иштирокида профессионал бокс кечаси билан давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА