Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги «Обод қишлоқ дастури»га киритилган «Найман» ва «Кенегес» қишлоқлари бугун катта қурилиш майдонига айланган. Мазкур қишлоқлар шу кунга қадар эътибордан четда қолиб келган ҳудудлар бўлган. Бу ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Жорий йилнинг 2-апрел кунига қадар бу қишлоқларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш ва ободонлаштириш бўйича бирор-бир амалий иш қилинмаган, бунинг учун молиявий маблағлар ажратилмаган, кўчалар, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳалар йиллар давомида қаровсиз ва эътиборсиз қолиши натижасида ночор аҳволга келиб қолган, аҳолининг уй-жой ва бино-иншоотларни замонавий меъёрларга амал қилмаган ҳолда, тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриб олиши ҳам оддий ҳолатга айланиб қолган эди. Бу эса Тахиатош тумани аҳолисининг кўп гина эътирозларига сабаб бўлган эди.

Бугун бу ерда улкан ишлар қўлга олиниб қишлоқларнинг қиёфаси бутунлай ўзгармоқда.

Жумладан «Найман» қишлоғида истиқомат қиладиган 528 та хонадондан
58 тасида ноқонуний қурилишлар аниқланиб, шундан 16 та ноқонуний қурилишлар, 2 та қурилиши тугалланмаган ноқонуний объектлар бартараф этилди. Туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 56 та кам таъминланган оилалардан 34 тасида уйларини таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш, 4та уйнинг том қисмини шифер билан ёпиш ишларида амалий ёрдам берилди.

Худудда жойлашган 1-сонли мактабгача таълим муассасида қайта қуриш ишлари ва 5-сонли мактабда мукаммал таъмирлаш, шунингдек фермер хўжаликларига ёқилги етказиб бериш шаҳобчаси  иморатида ҳам таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

0,5 км автомобил йўлларини ва  ички пиёдалар йулакларини таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Режа бўйича янгидан талабгор тадбиркорларга аҳолига маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, кичик футбол майдончаси, дорихона ва озиқ-овқат махсулотларини сотиш дукони қурилиши учун ер майдонлари ажратилди.

Дастур асосида белгиланган режага мувофиқ электр, газ ичимлик суви тармоқлари реконструкция қилинди ва янгидан қурилди.

 «Кенегес» аҳоли пункти эса «Архторус» МЧЖ томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, тумандаги тегишли корхона ва ташкилотлар томонидан қурилиш-ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бу қишлоқда 20 та ноқонуний қурилишлар аниқланиб, 17 таси бартараф этилди. 8та кам таъминланган оилалар уйларнинг фасад қисми, 1 та уйнинг том қисми таъмирланди, 5 та ноқонуний иморатлар бузилди ва атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

16-сонли мактабнинг янги иморатини қуриш ишлари ва «Городок детство» мактабгача таълим муассасасини қайта қуриш ва атрофини ободонлаштириш, ариқларни тозалаш ва манзарали дарахтлар экиш ишлари олиб борилмоқда.

Бу хайрли ишларга 541,2 млн.сўм маблағ ажратилиб, 200 дан ортиқ ишчилар жалб қилинган. Уларга ҳар ойда ўртача 593832 сўмдан ойлик маошлари тўланмоқда.

Туман қишлоқларида олиб борилаётган бу хайрли ишлар қисқа вақт ичида қишлоқларнинг чиройли янги қиёфага кириб, ҳудудларда яшаётган аҳоли учун янги даврнинг кириб келаётганини яна бир маротаба исботламоқда.

Эслатиб ўтамиз, Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудулари қаторида Тахиатош туманининг «Найман» ва «Кенегес» қишлоқлари ҳам дастурга киритилган эди.

 

ҚХА