Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15 май куни илк расмий ташриф билан Вашингтонга келди.
АҚШ пойтахтидаги «Эндрюс» аэропортида Ўзбекистон Республикаси Президентини АҚШ расмий вакиллари кутиб олди.
Бўлажак олий даражадаги мулоқотга икки томон ҳам катта эътибор билан қарамоқда. АҚШ маъмурияти Ўзбекистон Президенти ташрифини тарихий воқеа сифатида баҳоламоқда.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 16-17 май кунларига белгиланган. 16 май куни Шавкат Мирзиёев Оқ уйда Дональд Трамп билан учрашади. Музокаралар аввал тор доирада, сўнг кенгайтирилган таркибда бўлиб ўтади.
Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган. Вашингтонда давлатимиз раҳбари, шунингдек, АҚШ Конгресси, Мудофаа вазирлиги ва Давлат департаменти ҳамда Жаҳон банкида икки томонлама учрашувлар ўтказади.
Расмий ташриф якунида икки мамлакат Президентлари «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёнотни имзолаши, шунингдек, турли соҳаларда ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган 40 дан ортиқ ҳужжатлар тўплами қабул қилиниши кутилмоқда.