Буюк Британиянинг Дуглас шаҳрида шахмат бўйича 2023 йилнинг энг нуфузли мусобақаларидан бири “Grand Swiss FIDE” турнири бошланди. Мусобақанинг мукофот жамғармаси 600 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, 460 минг АҚШ доллари эркаклар ўртасида, 140 минг АҚШ доллари аёллар баҳсидаги ғолиб ва совриндорлар ўртасида тақсимланади.

Дунёнинг энг кучли 114 нафар шахматчилари иштирок этаётган мусобақанинг биринчи тур ўйинлари бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизнинг маҳоратли шахматчилари – Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов иштирок этди.

Мусобақанинг 1-тур ўйинларида Н.Абдусатторов қора доналарда арманистонлик Шант Саргсянни мағлуб этган бўлса, Н.Ёқуббоев оқ доналарда ҳаракатланган Арманистон вакили Хаик Мартинисянга 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Ж.Синдоров франциялик Мауриззи билан, Ш.Воҳидов германиялик Маттиас Блусбаум билан дуранг қайд этди.

Бугун, 26 октябрь куни “Grand Swiss FIDE” турнирининг 2-турида Н.Абдусатторов ҳиндистонлик Наранаянга қарши оқ доналарда, Ж.Синдоров украиналик Игорь Самуненков билан қора доналарда, Ш.Воҳидов Васили Иванчукка қарши оқ доналарда, Н.Ёқуббоев Мэн ороли шарафини ҳимоя қилаётган германиялик Дитмар Колубус билан оқ доналарда кураш олиб боради.

Якунланган 1-тур ўйинларидан сўнг 32 нафар шахматчи 1 очкога эга бўлиб турган бўлса, 39 нафари 0,5 очко жамғаришга муваффақ бўлди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур турнирда 1 ва 2-ўринни эгаллаган шахматчилар 2024 йил апрель ойида Канаданинг Торонто шаҳрида ўтказиладиган жаҳон шахмат тожи даъвогарлари турнирига йўлланмани қўлга киритади.

Жорий йилнинг 6 ноябрь кунига қадар давом этадиган “Grand Swiss FIDE” баҳсларида 1-ўринни эгаллаган шахматчи 80 минг, 2-ўрин соҳиби 60 минг, 3-ўринни қўлга киритган шахматчи 40 минг доллар пул мукофоти билан тақдирланади. Ўн бир турдан иборат мусобақалар давомида совринлар 31-ўрингача тақсимланади.

Эслатиб ўтамиз, “Grand Swiss FIDE” турнирининг илк баҳслари 2019 йили ўтказилган бўлиб, ўшанда гроссмейстер Ван Хао ғолибликка эришган, 2020 йилги турнир “COVID-19”сабабли ташкил этилмаган. 2021 йили Ригада ўтган иккинчи турнирда Франция шарафини ҳимоя қилаётган Алиреза Фируджа ғолибликка эришган.

 

Тўлқин Рўзиев,  

ЎзА