Бугунги кунда иқлим ўзгариши ва экологик масалалар бутун дунёни ташвишга солаётган жараёндир. Глобал исиш, иқлим ўзгаришлари, йилдан йилга кучаяётган қурғоқчиликнинг таъсири ичимлик суви билан боғлиқ муаммоларда, айниқса, кўзга ташланяпти. Мамлакатимиз эса иқлим ўзгариши таъсирига кўпроқ мойил бўлган мамлакатлар қаторига киради. Шу сабаб Ўзбекистон ҳукумати бу муаммоларни қўл қовуштириб кузатаётгани йўқ, албатта.

Жумладан, атмосфера ҳавосига ташланаётган ташламаларни камайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталадиган бўлсак, XX асрга келиб дунё мамлакатларида саноатнинг катта суръатларда ривожланиши, табиатга етказилган улкан зарар, унинг ресурсларидан нотўғри фойдаланиш натижасида атмосферага беҳисоб миқдорда иссиқхона газлари чиқмоқда. Бу эса иқлим ўзгаришига, дунёнинг турли бурчакларида, йилнинг турли фаслларида ҳароратнинг кескин ўзгаришига, турли хил табиий катаклизмларга олиб келмоқда.

Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунгача глобал йиллик ўртача ҳаво ҳарорати 1880 йилдаги даражадан 1 градусга ортган. Ўзбекистонда худди шу давр учун ўртача йиллик ҳаво ҳарорати 1,6 градусга кўтарилган – биз глобал масштабда кузатилаётган ўртача темплардан кўпроқ “исиганмиз”.

Шундай бир вазиятда, мамлакатимиз саноат корхоналаридан атмосфера ҳавосига йиллик саноат ташламалари миқдори 2022 йилда 874 минг тоннани ташкил этди.

Ташламаларнинг 360,5 минг тоннаси – нефть ва газ, 200 минг тоннаси – энергетика, 185,5 минг тоннаси – металлургия, 25 минг тоннаси – қурилиш ва 103 минг тоннаси бошқа тармоқлар ҳисобига тўғри келади.

Атмосферага асосий таъсир кўрсатувчи тармоқлар иссиқлик электр станциялари ҳамда цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда 12 та ИЭСлар, шу жумладан, кўмирга ихтисослашган “Ангрен” ва “Янги Ангрен” иссиқлик электр станциялари фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, 36 та цемент ишлаб чиқарувчи корхона, 15 та нефть ва газни қайта ишлаш ҳамда 4 та металлургия саноати мавжуд.

Бугунги кунда саноат корхоналаридан атмосферага ташланмаларни камайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан махсус дастур қабул қилинган. Унинг доирасида 2023 йилга белгиланган 145 та саноат корхоналарида 723 та чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини таъмирлаш ва янгиларига алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Атроф-муҳитга хавф даражаси юқори ва ўрта бўлган янги ташкил этилаётган корхона ва ташкилотлар (шу жумладан, цехлар) учун ишлаб чиқилган “Экологик оқибатлар тўғрисида баёнот” (ЗEП) лойиҳа ҳужжатлари асосида самарадорлик даражаси 99,5 фоиздан кам бўлмаган чанг-газларни тутиб қолиш ускуналарини ўрнатиш таъминланмоқда.

Транспортлардан ташламалар бўйича концепция доирасида жамоат транспортининг камида 50 фоизини газ-баллон ёқилғи, электр ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш мақсад қилиб олинган. Бу жуда катта рақам ва агар ушбу кўрсаткичга эришилса, автомобиллардан ҳавога етказилаётган зарар кескин камаяди. Ҳозир республикада жисмоний шахсларга тегишли жами 3 миллион 268 минг 480 та автотранспорт воситалари фойдаланишда бўлиб, шундан 796 минг 34 таси бензин, 71 минг 88 таси дизель ва 2 миллион 401 минг 348 таси газ ёқилғисида ҳаракатланишга мўлжалланган.

Яна бир масала: мамлакатимизда ҳаракатда бўлган автотранспортларнинг 100 мингтаси носоз автотранспортлар ҳисобланади. Улардан атмосферага йилига ўртача 1,27 миллион тонна ташламалар ташланмоқда.

Республикамизда атмосфера ҳавосига автотранспортлардан ташланаётган ташламалар миқдорини камайтириш мақсадида бир йилда II босқичли “Тоза ҳаво” ойлиги тадбири ўтказилади. Мазкур ойлик давомида 2022 йилда 295 минг транспорт воситалари текширилган бўлса, жорий йилда 300 минг транспорт воситаларини назоратдан ўтказиш белгиланган.

Бундай назорат тадбирлари давомида газларда ифлослантирувчи моддалар белгиланган стандартларни қўпол равишда бузган 3 минг 329 та автотранспорт ҳайдовчиларига нисбатан Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан тегишли чоралари қўлланилди ҳамда 2 минг 914 тасининг ҳаракати вақтинчалик тўхтатиб қўйилди.

Текширилган автотранспорт воситаларининг 1 минг 43 таси ёки 2,2 фоизида ишлатилган газларининг ифлослантирувчи моддалари миқдори ўрнатилган меъёрлардан юқорилиги аниқланган ва бу ҳолатни бартараф этиш учун автомобиллар техник хизматга йўналтирилган. Умуман, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига қараганда, “Тоза ҳаво” ойлигида аниқланган камчиликларни бартараф этиш эвазига жами 209,232 тонна ифлослантирувчи моддалар атмосфера ҳавосига чиқарилишининг олди олинган.

Бу рақам мана шундай тадбирлар ва акциялар нақадар муҳим эканлигини яққол кўрсатиб туради. Чунки шаҳар ва туманларимизда автомобиллар сони муттасил кўпаймоқда ва бу жараён яна давом этади.

Гулноза Бобоева, ЎзА