Самарқанд шаҳридаги «Боқий шаҳар» мажмуасида «Ипак йўли дурдонаси» ХV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Ёпилиш маросимидан аввал хорижий ва ўзбек кино юлдузлари қизил йўлакдан ўтиш тадбири ўтказилди.

Киноижодкорлар, актёр ва актрисалар, режиссёр ва кинооператорлар, продюсер ва кинотанқидчилар, киношунос олимлар иштирок этган ушбу маросимда  америкалик кино режиссёр Кевин Спейси,  Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов, франциялик машҳур актёр Сами Насери ва бошқалар ушбу фестиваль соҳа вакиллари учун ўзаро ҳамкорлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга яна бир имконият яратганини таъкидлади.

Шундан сўнг қатнашчилар учун Самарқанд шаҳри ҳақида тайёрланган видео намойиш этилди.

Таъкидлаш керакки, ушбу кинофестиваль нафақат ижодкорларни янги  ғоялар устида ишлашга ундади, балки соҳа вакиллари эришган ютуқларни эътироф ҳам этди.

Кинофестивалда 52 давлатдан ташриф буюрган 300 нафарга яқин режиссёр, актёр ва продюсерлар билан бирга Ўзбекистоннинг кўплаб ишончли  ҳамкорлари ҳам иштирок этди. Ушбу фестиваль 100 дан зиёд тадбирларни қамраб олгани ва  иштирокчиларда катта таассурот қолдиргани билан янада аҳамиятлидир.

Маросим давомида бир қатор кино санъати вакиллари тақдирланди. Хусусан, «Матонат» ҳужжатли фильми режиссёри Шуҳрат Маҳмудов, «Самарқандда қовун таровати» кинокартинаси режиссёри Али Ҳамроев, жаҳон киноси ривожига қўшган ҳиссаси учун режиссёрлар — россиялик Александр Сокуров, грузиялик Ираклий Квирикадзе ва италиялик Пиетро Марчелло тақдирланди.

Маросим якунида Марказий Осиё фильмлари танлови ғолиблари эълон қилинди. Унга кўра, Тожикистоннинг «Фортуна» фильми кинофестиваль дирекциясининг махсус совринига, қозоғистонлик режиссёр Максим Акбаровнинг «Саҳро» кинокартинаси энг яхши дебют номинацияларига лойиқ кўрилди.

«Энг яхши актёр» Дастан Айбек («Шувоқ ҳиди»), «Энг яхши актриса» Талаайкан Абазова («Эсимда»), «Энг яхши режиссёр» эса Дархон Тулегенов («Ака-укалар») деб топилди. Ҳакамлар ҳайъатининг махсус мукофоти Адилхан Эржановнинг «Адемоканинг сабоғи» фильмига насиб этди.

Ўзбекистонлик режиссёр Шокир Холиқовнинг «Якшанба» фильми

«Энг яхши фильм» номинацияси бўйича эътироф этилди.

 

ЎзА.