Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги муносабат юқори даражага кўтарилиб бормоқда. Иқтисодий соҳа билан бир қаторда, парламентлараро ва маданий алоқалар, иқлим ўзгариши оқибатига қарши биргаликда курашиш, туризм соҳасида замонавий тизим асосидаги алмашинув йўлга қўйилган. Халқаро майдонда конструктив шериклик жадаллашяпти. Ҳамкорликнинг бошқа йўналишларида ҳам умумий имконият, салоҳият мавжуд.

Бугун “The London Post” нашрининг Халқаро алоқалар бўйича Бош муҳаррири Раза Саид Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ташриф буюрди.

Икки давлат етакчи ОАВ раҳбарлари ўртасида кечган мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Буюк Британия ўзаро стратегик шериклик муносабатини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракат сўнгги йилларда янада жадаллашгани таъкидланиб, меҳмонга турли соҳалар қатори юртимиз медиа маконида юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Ўзбек ва инглиз халқлари ўртасидаги муштарак муносабат, айниқса, таълим, “яшил” иқтисодиёт, транспорт-логистика, капитал бозори каби соҳаларда жадал ривожланаётгани, айни жараёнда ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мунтазам ахборот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.

Раза Саид “The London Post” ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ўртасидаги алоқаларни замон талаби даражасида такомиллаштиришни назарда тутувчи меморандум имзолаш, келишув доирасида ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш, ўзаро ходимлар тажриба-малакасини тизимли равишда ошириб бориш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

– Бирлашган Қироллик сайёҳларининг бу ўлкага қизиқиши бежиз эмас, – деди Раза Саид. – Сабаби, Самарқанд, Бухоро, Хива, Фарғона каби шаҳарлар бизда анча машҳур. Абу Райҳон Беруний, Ал-Бухорий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ат-Термизий каби буюк сиймоларни бутун дунё танийди. Биласизми, муҳим воқеалар тўғрисида ахборот узатишда манба холис, ишончли бўлиши жуда муҳим. Шу маънода Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олганимиз айни муддао. Ўзбекистонга биринчи келишим. Бу ўлканинг меҳмондўст ва самимий инсонлари менга жуда ёқди.

Қароргоҳи Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида жойлашган “The London Post” бутун дунё бўйлаб сиёсий-таҳлилий мақолалари, эксклюзив интервьюлари билан танилган машҳур портал. Нашрнинг турли давлатлардаги мухбирлар тармоғи дунёда бўлаётган ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида 5 тилда тезкор, объектив ахборот тайёрлайди.

Ушбу платформа орқали турли соҳа вакиллари, зиёлилар билан мулоқот қилиш, ўзаро тажриба алмашиш имкони бор. Сайтда эълон қилинган материаллар, ҳужжатли видео фильмлар, дебат дастурлари илмий изланувчи, академик, дипломат, ёзувчи, олимлар томонидан олиб бориладиган БМТ, Европа Иттифоқи каби нуфузли тузилмалар форумлари тадқиқоти учун очиқ минбар ҳамдир.

Ўткир Алимов, Носиржон Ҳайдаров (сурат), Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА