Қорақалпоғистон Республикасидаги 6 олий таълим муассасасида талаба бўлиш иштиёқида бўлган ёшлар тест синовларини топширди.

Жорий ўқув йилида ушбу олий ўқув юртларига 4 минг 772 нафар талаба қабул қилиш белгиланган бўлиб, 42 минг 539 абитуриент ариза топширган. Уларнинг 3 минг 855 нафари бошқа вилоятлардан келган ёшлар, 38 нафари чет эллик фуқаролардир.

– Абитуриентларнинг тест синовларини муваффақиятли топшириши учун барча қулайлик яратилди, – дейди Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги доимий вакили Музаффар Абдуллаев. – Бунинг учун 58 бино ва 1 минг 325 аудитория олдиндан тахт қилиб қўйилди. Бу йил аризалар сони ўтган ўқув йилига нисбатан 30,7 фоизга кўп бўлди. Абитуриентлар ва ота-оналар учун қулай шароит яратилиб, савдо ва тиббий хизмати йўлга қўйилди.

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида бу йил 48 таълим йўналишига 2 минг 200 талаба ўқишга қабул қилинади. Тест синовларида 19 минг 883 абитуриент қатнашди. Бу ўтган йилга қараганда 4 минг 619 та кўпдир. Жорий йилда университетнинг бакалавриатура босқичига иссиқлик энергияси, метеорология, стандартлаш ва маҳсулот сифати менежменти, технология машиналари ва ускуналари, озиқ-овқат технологияси, доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш бўйича 5 янги йўналиш қўшилди.

– Туманимиздаги агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежини автомобилларда юк ташишни ташкил этиш мутахассислиги бўйича битириб, университетнинг автомобиль йўллари ва аэродромлар таълим йўналишига ҳужжат топширдим, – дейди Шуманай туманидан Ўринбек Алланиёзов. – Талабалар сафига қабул қилинишимга ишонаман. Чунки пухта тайёргарлик кўрдим. Мақсадим, шу соҳада етук мутахассис бўлиб, Ватанимиз равнақига ҳисса қўшишдир.

Қорақалпоғистон Республикасидаги барча олий таълим муассасаларида давлат тест синовлари белгиланган тартиб-қоидаларга биноан ўтказилди. Ўқишга қабул қилинадиган талабаларнинг 1 минг 418 нафари давлат гранти асосида таълим олса, 3 минг 354 нафари тўлов шартномаси бўйича ўқийди.

 

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА