Саудия Арабистони футбол бўйича 2034 йилда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун ариза беришини тасдиқлади. Бу ҳақда Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси матбуот хизмати хабар тарқатди.
Кеча ФИФА 11 йилдан сўнг бўлиб ўтадиган мусобақа мезбонини саралаш айланма тизим бўйича фақат Осиё ва Океания давлатлари ўртасида кечишини тасдиқлади.
Аввалроқ мазкур жаҳон чемпионатини қабул қилиш учун Австралия ҳам номзодини илгари суриши билдирилганди. Ҳозирча ушбу қитъа-мамлакат пойгага қўшилиши борасида аниқ тўхтамга келганича йўқ.
2034 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги учун 31 октябргача ариза топшириш мумкинлиги, Австралия эса ҳали якуний қарорга келмагани, боз устига ушбу давлат ҳам Осиё футбол конфедерацияси аъзоси экани назарда тутилса, Саудия Арабистонида имконият юқорилиги ойдинлашади.
Қолаверса, Саудия Арабистонининг таклифи ОФК томонидан қўллаб-қувватланган.
Т.Рўзиев, ЎзА